Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил армиясининг Хон Юнусга берган авиазарбаси туфайли 13 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Кўплаб инсонлар ярадор бўлган.

Исроил авиацияси Ғазо секторида ўзлари томонидан хавфсиз зона деб эълон қилинган Хон Юнусдаги турар жой биноларидан бирига “ҳаво-ер” типидаги ракета билан зарба берган.

Ғазо фуқаро мудофаасининг хабарига кўра, ўлганларнинг аксарияти ёш болалар. Фаластин активистлари ижтимоий тармоқларга зарба оқибатлари тасвирларини жойлаштиришган.

Исроил шунингдек, Хон Юнусдаги Ас-Сикка туманига ҳам зарба берган. 3 киши ҳалок бўлган.

7 октябрдан Ғазода ҳалок бўлган фаластинликлар сони 39 минг 324 кишига етди. Уларнинг 16 минг 172 нафари ёш болалар ва 10 минг 798 нафари аёллар. 90 минг 830 киши ярадор бўлган.

Вайроналар остида минглаб инсонларнинг жасадлари олинмасдан қолмоқда. Чунки вайроналарни тозалашнинг имкони бўлмаяпти.

Шунингдек, Исроил шу пайтгача Ғазодаги 400 дан зиёд мактаб ва университетларни бомбалагани маълум қилинмоқда. Уйлари вайрон бўлган инсонлар асосан мана шундай ижтимоий объектларни бошпана қилишаётган эди.

Исроилнинг хунрезликларига чидай олмаётган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Исроилга бостириб кира олиши мумкинлигини билдирди.

“Биз Қорабоғга, Ливияга кирганимиз каби, Исроил билан ҳам шу ишни қила оламиз. Имконсиз ишнинг ўзи йўқ. Бундай ишларни амалга оширишимиз учун биз янада кучлироқ бўлишимиз талаб этилади”, деган.

Бунга жавобан Исроил ташқи ишлар вазири Исроил Кац Эрдўғанни Саддам Ҳуссайн тақдири кутаётгани билан таҳдид қилган:

“Эрдўған Саддам Ҳуссайн изидан бориб, Исроилга таҳдид қилмоқда. Нималар бўлгани ва ҳаммаси нима билан тугаганини унутмаслик керак”, - деган Исроил Кац.

Исроил-Ливан уруши

Исроил ўзи оккупация қилган, асли Сурияга тегишли бўлган Жўлан тепаликларидаги Мажд уш-Шамс шаҳарчасидаги стадионга шанба куни ракета келиб тушгач, яқин соатлар ичида Ливанга ҳужум қилишни режалаштирмоқда.