Жаҳон | 08:01 / 05.08.2024
4983
2 дақиқада ўқилади

Ксения Фадеева: Мен алмашинувга розилик бермадим

Навалний штабининг собиқ бошлиғи Ксения Фадеева ўз алмашинувига «розилик бермаганини» айтди. Унинг сўзларига кўра, хавфсизлик кучлари уни «шунчаки автобусга, кейин эса самолётга ўтказишган».

Фото: Влад Некрасов / Коммерсантъ

Алексей Навалнийнинг Томскдаги штаби собиқ раҳбари Ксения Фадеева 4 август, якшанба куни Россия Федерацияси ва Ғарб давлатлари ўртасидаги асирлар алмашинуви натижасида Россия колониясидан озод этилганидан сўнг биринчи мурожаатини эълон қилди. Унда у барчага «қўллаб-қувватлаганликлари учун» миннатдорчилик билдирди

«Айтишим керакки, мен алмашинувга розилик бермадим. 2021 йилда жиноий иш очилмагунча Россияни тарк этмасликка онгли равишда қарор қилдим ва тергов ҳибсхонасида бўлмаганимда қочиб кетмадим», деди Фадеева. Унинг сўзларига кўра, «ФСБ» махсус кучлари уни «шунчаки» автобусга, кейин эса самолётга ўтказган.

Худди шундай баёнотни аввалроқ мухолифатчи Иля Яшин ҳам берди. У алмашинув рўйхатига киритмасликни сўраганини эслатиб ўтди. «Мен билан содир бўлган воқеани алмашинув сифатида кўрмаяпман», деди Яшин 2 август куни Боннда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Ғарб ва Россия ўртасида маҳбуслар алмашинуви

2 август куни Россия ва Ғарб давлатлари ўртасида кенг кўламли маҳбуслар алмашинуви бўлиб ўтди. Россия колонияларидан жами 16 киши озод қилинди, улар орасида сиёсий маҳбуслар Владимир Кара-Мурза, Иля Яшин, Олег Орлов, америкалик журналистлар Эван Гершкович ва Алсу Курмашева, шунингдек, Россия ва Беларусда турли муддатларга қамалган Германия фуқаролари бор. Россияга 10 киши қайтди - Россия махсус хизматлари ходимлари, уларнинг икки фарзанди, киберфирибгарлар ва Германияда умрбод қамоқ жазосини ўтаган «ФСБ» ходими Вадим Красиков. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид