Жаҳон | 13:52 / 12.08.2024
6106
3 дақиқада ўқилади

Бразилиядаги самолёт ҳалокатига муз сабаб бўлган бўлиши мумкин

Янгиланган маълумотларга кўра, Бразилиядаги авиаҳалокат натижасида 62 киши ҳаётдан кўз юмган.

Фото: Andre Penner/AP/Scanpix

Бразилияда ATR-72 (PS-VPB) ўрта масофага мўлжалланган турбовинтли йўловчи самолётининг қулашига қанотларда муз ҳосил бўлиши сабаб бўлган бўлиши мумкин. Бу ҳақда VOEPASS Linhas Aéreas операцион директори Марсел Мора маълум қилди. Унинг 10 август куни айтган сўзларини AFP нашри келтирган.

Машина воқеа содир бўлишидан бир кун олдин режалаштирилган техник кўрикдан ўтказилди, ўшанда «техник муаммолар» аниқланмади, дея қўшимча қилди у. Об-ҳаво шароити «парвоз учун мақбул параметрлар доирасида» эди, деди Мора. Бироқ, бундай турдаги самолёт одатда музлаш эҳтимоли юқори бўлган баландликларда рейсларни амалга оширади, дея аниқлик киритди эксперт. 

Самолёт 2010 йилдан бери фойдаланилган ва авиация стандартларига жавоб берган. Миллий фуқаро авиацияси агентлиги маълумотларига кўра, барча тўрт экипаж аъзоси парвозлар учун рухсатнома олган.

CENIPA мутахассислари борт ёзувлари маълумотларини ўрганяпти

Бразилиянинг авиаҳалокатларни текшириш ва олдини олиш маркази (CENIPA) ҳалокат сабабларини ўрганишга киришди. Унинг Бразилиядаги мутахассислари самолёт вайроналаридан топилган иккита борт ёзувчи қурилма маълумотларини таҳлил қилмоқда. Маълум бўлишича, самолёт радарлардан ғойиб бўлгунга қадар экипаж ҳеч қандай фавқулодда вазият ҳақида эълон қилмаган. 

Сан-Паулу штати расмийлари ҳалокат жойидан 50 нафар жасад олиб чиқиб кетилгани, иккининг шахси бармоқ излари орқали аниқлангани ҳақида хабар берди.

62 киши ҳалок бўлган

Бразилия жанубидаги Каскавела (Парана штати)дан мамлакат жануби-шарқидаги Гуарулюс халқаро аэропорти (Сан-Паулу штати)га 2283-рейсни амалга оширган ATR-72 (PS-VPB) самолёти 9 август куни ҳалокатга учради. Янгиланган маълумотларга кўра, 62 киши ҳалок бўлган - бортдаги барча йўловчилар ва экипаж аъзолари.

Уларнинг барчаси Бразилия фуқаролари, бир нафари Португалия фуқаролигига ҳам эга бўлган, дея хабар беради ушбу мамлакат ТИВ.

Ҳодиса Сан-Паулудан 70 километр шимоли-ғарбда жойлашган Винеду шаҳрида содир бўлди. Самолёт турар жой ҳудуди жойлашган туманга қулаган, бироқ AP агентлиги гувоҳларга таяниб, маҳаллий аҳоли орасида қурбонлар йўқлигини хабар берган. Бразилияда уч кунлик мотам эълон қилинди.

Гап Непалда Yeti Airlines авиакомпаниясига тегишли, бортида 72 киши бўлган ATR-72 самолёти ҳалокатга учраган 2023 йил январидан бери энг жиддий авиаҳодиса ҳақида кетяпти. Текширув ҳалокатга учувчи хатоси сабаб бўлганлиги аниқланган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид