Жаҳон | 18:03 / 13.08.2024
14083
15 дақиқада ўқилади

Байден, Путин, Зеленский ва Ҳаррис ҳақида. Маскнинг Трамп билан суҳбатидан асосий гаплар

Трамп Маск учун берган интервюсида «Байденда умуман IQ даражаси ҳам йўқлиги»ни тахмин қилиб, Россия Украинага ҳужум қилишига «Байден аҳмоқона нарсаларни гапира бошлагани» сабаб бўлганини айтди.

Фото: Getty Images

Сайёранинг энг бадавлат кишиси Илон Маск ва АҚШ президентлигига Республикачилар партиясидан номзод Доналд Трампнинг икки соатлик суҳбати сиёсатчи ўзи уч ярим йил олдин ҳайдалган (миллиардер Маск уни сотиб олишидан олдинроқ) платформага қайтиши билан бирга кечди.

Мулоқот чоғида Маск америкаликларни бўлғуси президентлик сайловларида Трампга овоз беришга чақирди ва унинг ҳукумат комиссиясини бошқариш истагига шама қилди.

Трамп ўз сайловолди кампаниясидаги асосий тезисларни такрорлаб, Жо Байден маъмуриятининг миграция сиёсатини танқид қилди ва демократлар номзоди Камала Ҳаррисни «сўл радикал ойпараст» деб атади.

Собиқ президент яна бир марта президентликда у бўлганида Россиянинг Украинага босқинига йўл қўймаган бўлишини айтди ва Владимир Путин ҳамда Володимир Зеленский билан суҳбатлари ҳақида эслади.

Интервюнинг бир қисмини Доналд Трамп яқинда унга уюштирилган суиқасдга, шунингдек Америка иқтисодиётини давлат томонидан тартибга солишни қисқартириш режаларига бағишлади. Ноқонуний миграция ҳақида гапираркан, у АҚШда мисли кўрилмаган даражадаги депортация ўтказишга ваъда берган.

Техник носозлик

Дастлабки ярим соат давомида эфирга кирмоқчи бўлганлар шундай картинкага гувоҳ бўлишди

Мулоқот Маск эгалик қиладиган X (собиқ твиттер) ижтимоий тармоғида ўтказилган. Трампнинг аккаунти 2021 йилда сайтнинг олдинги эгаси томонидан блокланганди, бунга унинг президентлик сайловларидаги ғалабаси ўғирлангани ҳақидаги ёлғон маълумотларни тарқатиши сабаб бўлганди.

2022 йилда платформани сотиб олган Маск Трампнинг аккаунтини тиклайди. Аммо собиқ президент бу вақтга келиб ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғини яратишга улгурганди ва қайтишга шошилмаганди.

Бизнесмен ва сиёсатчи ўртасида ўшанда алоҳида симпатия йўқ эди. Маск кўпроқ Флорида губернатори, праймеризда Трампга рақиблик қилган бошқа бир республикачи Рон Десантисга мойиллик билдирган ва унга ўз ижтимоий тармоғида жонли эфирдаги мулоқотлар кўринишида президентлик кампаниясини йўлга қўйишни таклиф этганди. Аммо бу уриниш кўплик техник носозликлар билан кечди, Трамп эса ўзининг ижтимоий тармоғида рақибларини масхара қилди.

Де Сантиснинг сайлов платформасини сиёсатшунослар «Трампсиз трампизм» деб аташган: худди шундай мафкура, фақат можароларсиз, хаоссиз ва сиёсий театрсиз. Аммо сайловчилар оригинали дубликатидан афзалроқ деб топишди, Трамп республикачилар праймеризида осонлик билан ғалабага эришиб, яна ўз партияси номзодига айланди.

Шундан кейин Маск расман Трампни қўллаб-қувватлади ва энди АҚШ собиқ президенти X тармоғидаги техник носозликларни ўзида ҳис қилиб кўрди.

Трампнинг Маск билан суҳбати қирқ дақиқалик кечикиш билан бошланди, буни платформа эгаси DDoS-ҳужум билан изоҳлади. Айрим экспертлар унинг бу версиясини шубҳа остига олишган, чунки бу вақтда X одатдагидек ишлаб турганди.

Маск эфирни бу қарши жавоблар қўйиладиган интервю эмас, оддий суҳбат экани ҳақидаги тушунтириш билан бошлади. Ва Трампдан яқинда рўй берган суиқасдни қандай ортда қолдиргани ҳақида сўзлаб беришни сўради.

Шундан кейин тадбиркор мулоқот устидан назоратни сусайтирди ва Трамп ўзининг севимли мавзуларида эркин гапиришга ўтди. У Маск ва тингловчиларга унинг президентлиги даврида ноқонуний миграция ва жиноятчилик даражаси ҳозиргидан анча кам бўлгани, Америка фуқаролари эса ўзларини фаровонроқ ҳис этишганини эслатиб ўтган.

Маск бу гапга диққат билан қулоқ солиб турган ва қўшилган, изоҳ беришга ҳамда фактларни текширишга ҳаракат қилмаган, ҳолбуки расмий статистика кўрсатишича, миграция даражаси чиндан ҳам Трамп бошқарув даврида анча кам бўлган бўлса-да, жиноятчилик даражаси сўнгги йилларда пасайган, АҚШ иқтисодиёти эса ўсган.

Трамп шунингдек республикачилар қурултойи чоғида ишлатишга улгурган ҳазилини такрорлаган. Ўшанда у агар демократлар сайловларда ғалаба қозонгудек бўлса, кейинги қурултойни Венесуэлада ўтказишга тўғри келиши, чунки барча венесуэлалик жиноятчилар АҚШга келаётганини айтганди. Бу оқшом у худди шу сўзларни такрорлади.

«Унда умуман IQ йўқ бўлиши ҳам мумкин»

Доналд Трамп Илон Маск билан интервю вақтида Флоридадаги Мар-а-Лагодаги қароргоҳида, 2024 йил 12 август
Margo Martin / X / Reuters / Scanpix / LETA

Собиқ президент Байденнинг ташқи сиёсатини ҳам қаттиқ танқид қилиб, буни «сўлиган сиёсат» деб атади.

Трампнинг назарида АҚШнинг иттифоқчилари ҳам, душманлари ҳам сурбетлик билан Американинг ҳозирги президентининг заифлигидан фойдаланмоқда: Европа Америка маҳсулотлари учун тарифларни оширмоқда, Эрон Ҳамасга Исроил билан жанг қилишда ёрдам кўрсатмоқда, Путин эса Украинани эгаллаб олишга уринмоқда.

Трамп амалдаги президентни у РФ қўшинларининг кенг кўламли босқини бошланишидан олдин Украина НАТО аъзоси бўлиши мумкинлиги ҳақида гапиргани учун танқи қилган.

«Мен кетганимда, улар Украина билан чегарада катта армия тўплай бошлади, тўғрими? Ва мен бунга қараб, Путин музокара қилишни билгани учун шундай қилаётгани ҳақида ўйладим. Мен ўйладимки, у музокаралар ўтказиш учун шундай қилмоқда. Аммо кейин Байден аҳмоқона нарсаларни гапира бошлади. Масалан, у Украина НАТО мамлакати бўлиши мумкинлигини айтди. Россия эса, НАТО ташкил этилганидан буён шу гапни айтиб келади: «Биз ҳеч қачон бунга рози бўлмаймиз». Биз эса шундай дедик».

Трамп АҚШнинг бундай баёнотига мамлакатни «IQ даражаси паст, жуда паст президент» бошқаргани сабаб бўлганини айтган. «Дарвоқе, унда 30 йил олдин ҳам IQ даражаси паст эди. Аммо ҳозир унда умуман IQ бўлмаслиги ҳам мумкин», — деган Трамп.

АҚШ президентлигига номзод Россия америкаликлар билан биргаликда Иккинчи жаҳон урушида Германия устидан ғалаба қозонгани, шунингдек Наполеон қўшинларини енгганини айтган. Унинг фикрича, Россия «кучли жанг қилиш»ни билади. 

Интервю вақтида у АҚШ президенти эканида Путинни Украинага ҳужум қилишдан қайтариб қолгани ҳақида гапирган.

«Мен Путинни жуда яхши биламан, биз у билан яхши тил топишгандик. У мени ҳурмат қиларди. Ва мен Владимир Путинга айтдим: «Бундай қилма. Сен буни қила олмайсан, Владимир. Агар сен бундай қилсанг, ёмон кунлар бошланади. Буни қилма». Ва мен унинг ҳаракатига жавобан нима қилишимни айтдим. У эса деди: «Бундай бўлиши мумкин эмас». Мен эса дедим: «Мумкин». Ва биласизми, бу бизнинг сўнгги суҳбатимиз бўлганди. [агар мен президент бўлиб қолганимда] у ҳеч қачон бу ишни қилмаган бўларди… Мен у билан яхши тил топишгандим. Умид қиламанки, ҳозир ҳам шундай бўлади. Мен Ким Чен Ин билан ҳам тил топишганман».

Трамп шунингдек ўзи томонидан Россиянинг Nord Stream 2 газ қувурига қўйилган санкциялар ҳақида ва бу Европада Америка газига талабни оширгани ҳақида гапирган. Трамп шунингдек Байден ўз инаугурациясидан кейин бу санкцияларни бекор қилганини эслатган.

Маск аввал демократларни қўллаган, аммо Трамп тарафдорига айланган. Фото: Reuters

«Зеленский менга олижаноблик қилган»

Трамп Украинадаги уруш борасида гапираркан, уруш кўплаб одамлар ҳаётига зомин бўлгани, икки томондан ҳам ярим миллиондан аскар ҳалок бўлганини айтди (экспертларнинг баҳолашича, қурбонлар сони анча камроқ).

У шунингдек украин армиясига эркаклар етишмаётгани, шу туфайли ёшлар ва кекса ёшли эркаклар сафарбар қилинаётгани (аслида, Украинада муддатли ҳарбий хизматга чақирув ёши 25 дан бошланади) ҳақида гапирган.

«Мен Зеленскийни биламан. У менга катта ҳурмат билан муносабатда бўлган», – деган Трамп 2020 йилги импичмент жараёнига ишора қилиб, ўшанда АҚШ Конгрессидаги демократлар Трампнинг Зеленский билан телефон қўнғироғига асосланиб, президентни ҳокимиятдан четлатишга уринганди, Зеленскийни эса томонлардан ҳеч бири ўзига оғдира олмаганди.

Жорий йил августида Трампнинг энг яқин маслаҳатчиларидан бири Келиэнн Конуэй расман Украина манфаатлари лоббичиси сифатида рўйхатдан ўтди. У украиналик миллиардер Виктор Пинчукдан ойига 50 минг доллар олади.

АҚШ учун «Темир гумбаз» ҳақида

Шунингдек, Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Жинпинг билан дўстона муносабатлари ҳақида бир неча бор таъкидлаган Трамп, агар Оқ уйга қайтса, АҚШда ўзининг «Темир гумбаз»ини яратишини айтди. Ушбу ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Исроилникига ўхшаган бўлади. Маск билан суҳбат чоғида у, шунингдек, Путин, Си ва Шимолий Корея ҳукмдори Ким Чем Ин «ўз ўйинларининг бошида тургани»ни таъкидлади. 

Украинадаги урушни изоҳлар экан, Трамп ўзидан кўра «ҳеч ким бундан кўпроқ ташвишланмаслигини» таъкидлади. АҚШ ва Европа Иттифоқининг Киевга кўрсатаётган ёрдами ҳақида гапириб, у Вашингтон бу ёрдамни камайтириши билан таҳдид солмади, балки ЕИ ёрдамини оширишни тўғри деб билишига шама қилди. 

«Мен савол беряпман: нега харажатларни тенглаштирмайсиз?» Нега улар биз каби кўп пул тўламайди? – деди Трамп. – Нега Қўшма Штатлар Европадан кўра номутаносиб равишда кўпроқ пул беряпти, бу адолатдан эмас ва бу билан шуғулланиш керак». 

«Ядровий исиш» таҳдиди

Трамп КХДР етакчиси билан учрашувини ўзининг дипломатик таланти белгиси деб кўрсатади. Фото: AFP

Маск Трампга иқлим ўзгариши бўйича позициясини тушунтиришга  бир неча бор уриниб кўрди. Унинг наздида, дунёга иқлим фалокати таҳдид солмайди, нефт саноатидан иблис ясамаслик, углекислород газлари чиқиндиларини қуёш ва ядровий энергияга ўтиш орқали камайтириш керак.

Трамп бу мавзуга қизиқиш билдирмади, фақат глобал исиш хавфи бўрттириб юборилганини, аммо «ядровий исиш» хавфи ҳақида гапирувчилар жуда камлигини айтди. У бу орқали АҚШ ва унинг иттифоқчиларининг Россия, Хитой ва Шимолий Корея билан қарама-қаршилиги, шунингдек Эронда ядровий қурол яратилиши эҳтимолини назарда тутган. Ва Байденнинг сиёсати учинчи жаҳон урушига олиб келиши мумкинлигини таъкидлаган.

Маск унга қўшилган: учинчи жаҳон уруши хавфи реаллашган, АҚШ президенти ўзини ҳурмат қилишлари учун қўрқитувчи фигура бўлиши лозим.

Трамп давом эттиришни истамаган бошқа бир мавзу — инфляцияни тўхтатиш учун бюджет харажатларини кескин қисқартириш зарурати ҳақида эди. «Мен бундай комиссияга ёрдам беришдан мамнун бўлардим», — деган Маск. Трамп эса Маск харажатларни қисқартиришни барчадан яхшироқ уддалашини айтиб, уни компания ходимларини ишдан бўшатишдаги қатъийлиги учун мақтаган. Ва дарҳол мавзуни ўзгартирган.

Рақиб алмашувига қийин мослашув

Камала Ҳаррис Трампдан 18 ёшга кичик, собиқ президентнинг Байденга мослаб тайёрланган стратегияси унга тўғри келмайди
Фото: Reuters

X ижтимоий тармоғига қайтиш Трамп учун сайловолди кампаниясидаги мураккаб даврга тўғри келди. У бир неча йилдан буён Байденга қарши реваншга тайёрланганди ва республикачи номзод ишончлироқ қатнашган дебат, Трамп суиқасдни бошдан кечириши ҳамда ижтимоий сўровлардаги устунлик фонида сайлов тақдири олдиндан ҳал бўлгандек кўрина бошлаганди.

Аммо Демократик партия номзоди ўзгариши Трампнинг режаларини барбод қилди ва сўнгги сўровлар кўрсатишича, Ҳаррис аҳолиси турли йилларда демократлар учун ҳам, республикачилар учун ҳам кўпроқ овоз берган учта муҳим штатда устунлик қилмоқда: Висконсин, Пенсилвания ва Мичиган.

Трампнинг сайлов штаби ҳали Ҳаррисга қарши ишончли ҳужум стратегиясини ишлаб чиқмади, номзоднинг ўзи эса ҳозирча у аввал Ҳиллари Клинтон ва Байден учун ўйлаб топганидек камситувчи лақаб ўйлаб топа олмади.

Трамп энди ижтимоий сўровларда устунлик қилаётгани, энди сайловда ғолиб бўлиш учун ундан интизом ва аниқ позиция талаб этилишини англаб етгани йўқ, дея ёзади Wall Street Journal (нашрнинг экспертлар бўлими азалдан республикачиларни қўллаб келган).

2016 йилда Трамп президентлик пойгасига денгиз ортидаги адоқсиз урушларни якунлаш, оддий халқдан узилиб қолган элитага қарши курашиш ва ишчилар синфини корпорациялар очкўзлигидан ҳимоя қилиш мавзулари билан кирганди.

Олдинги республикачи номзодлардан фарқли ўлароқ, у профессионал сиёсатчининг тескариси — Американинг буюклигини тикламоқчи бўлган, Вашингтондаги коррупация «ботқоғини қуритиш»га бел боғлаган ва сиёсий эҳтиёткорлик ҳақида қайғурмайдиган бизнесмен телеюлдуз эди.

Тўққиз йил ўтиб Трамп профессионал сиёсатчига айланди, энди у кўпроқ ўзи ҳақида гапириб, ўзини жодугар ови қурбони сифатида тақдим этмоқда — сўнгги йилларда унга қарши қатор жиноий ишлар очилиб, суд жараёнлари ўтказилди.

«Бу даҳшатли нарса, мамлакатимиз тарихида ҳеч қачон бунақаси бўлмаган. Бунақаси банан республикаларда, учинчи дунё мамлакатларида бўлади», – деган Трамп Маск билан мулоқотда.

Хайрлашув чоғида Трамп майдон тақдим этгани учун бизнесменга миннатдорчилик билдирган ва ҳазиллашиб унинг чиқиши учун пул тўланган-тўланмаганини сўраган. Маск кулиб юборган.

«Сиз – фаровонлик сари йўлсиз, Камала эса – йўқ», – деган Маск барчани республикачилар номзодига овоз беришга чақирган ҳолда.

Суҳбат давомида Трамп Камала Ҳаррисни «учинчи даражали», «қобилиятсиз» ва «сўл радикал» деб атади. Трамп унинг Байден ўрнига Демократик партиядан номзод бўлишини «тўнтариш» деб баҳолаган.

Ҳарриснинг сайловолди штаби вакили Жозеф Костелло уларнинг учрашуви якунлари бўйича истеҳзо билан баёнот берган: «Трампнинг бутун кампанияси Илон Маск ёки унинг ўзига ўхшаган одамларга хизмат қилади. Ўрта синфга хиёнат қилган, 2024 йилда жонли эфирни ташкил қила олмаган, ўзини севувчи бой одамлар». 

Мавзуга оид