Жаҳон | 02:53 / 17.08.2024
2621
3 дақиқада ўқилади

Камала Харрис янги туғилган чақалоқларга 6 минг доллар беришни назарда тутувчи сиёсий дастурини эълон қилди

Миллионлаб америкаликларнинг тиббий хизмат тўловлари қарздорлигини бекор қилиш — АҚШ президентлигига номзоднинг энг кўзга кўринган таклифларидан бўлди.

Фото: The Washington Post

Вице-президент Камала Харрис 16 август агрессив-популистик иқтисодий дастурини эълон қилди. Демократик партиядан президентликка номзод бўлганидан бери у мамлакатни бошқариш бўйича ўзининг устувор йўналишларига оид энг батафсил қарашлари билан бўлишди, деб ёзади The Washington Post.

Харриснинг Шимолий Каролинада чиқишидан олдин унинг сайловолди штаби «Америка оилалари учун харажатларни камайтириш»га қаратилган ўндан ортиқ иқтисодий сиёсатни қўллаб-қувватлашини эълон қилди — уларнинг айримлари президент Жо Байден берган ваъдалардан бошқача.

Миллионлаб америкаликларнинг тиббий хизмат тўловлари борасидаги қарздорлигини бекор қилиш — энг кўзга кўринган таклифлардан бўлди. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кўтарилиши «биринчи марта» тақиқланиши, рецепт бўйича бериладиган дори-дармонлар нархини чеклаш, биринчи марта уй-жой харид қилаётганларга 25 минг доллар миқдорида субсидия бериш ва фарзандли бўлган оилаларга 6 минг доллар миқдорида болалар солиқ имтиёзининг берилиши каби таклифлар илгари сурилди.

Охирги банд Республикачилар партиясидан вице-президентликка номзод Жеймс Девид Вэнс томонидан болаларга бериладиган имтиёзни 2 минг долларган 5 минг долларгача кўтариш таклифидан кейин янгради. Харрис, шунингдек, муддати 2021 йилда тугаган болалар солиқ имтиёзини тиклашга, имтиёзни ҳар бир бола учун 2000 доллардан 3000 долларгача оширишга чақирмоқда. 

Харрис ҳозирга қадар ўз атрофини Байденнинг собиқ ёрдамчилари билан ўраб олиб келаётганди, жамоаси эса бир неча бор бизнес етакчилари билан муносабат ўрнатишга уринди. Аммо 16 август куни эълон қилинган сиёсий позицияси саноат, меҳнат ва монополияга қарши сиёсатда ҳукуматнинг иқтисодиётга агрессив аралашувини талаб қилган Байден давридаги партиянинг қарашларини давом эттиришини англатди.

«Сўнгги бир неча ҳафта ичида Харрис Демократик партия ишчи оилаларни қўллаб-қувватлайдиган кун тартибига содиқлигини аниқ кўрсатувчи қатор сиёсий қарорлар қабул қилди. «Эркин тадбиркорлик учун яхши нарса, Америка учун яхши» бўлган даврлар ўтди», — дейди Roosevelt Forward таҳлилий маркази президенти Фелиция Вонг.

Ушбу таклифлар учун сарфланадиган харажатлар ҳозирча номаълум. Федерал бюджет бўйича қўмитанинг катта вице-президенти Марк Голдвейнга кўра, аксарият болалар учун 3 минг доллар беришни назарда тутувчи Байденнинг солиқ имтиёзларини қайта тиклашга ҳозирги сиёсат билан таққосланса, 1,1 триллион доллар талаб этилади. Харриснинг янги туғилган болалар учун 6 минг доллар миқдорида қўшимча имтиёз бериши ўн йил давомида 100 миллиард долларга тушади.

Мавзуга оид