Жаҳон | 00:39 / 03.12.2023
12756
1 дақиқада ўқилади

АҚШ фаластинликларни мажбурий кўчирилишига йўл қўймайди - Камала Харрис

Шунингдек, АҚШ Ғазодаги барча гаровга олинганларни озод қилиш учун «тинимсиз таъқиб»ни давом эттиради.

Фото: Reuters

АҚШ вице-президенти Камала Харрис «Қўшма Штатлар ҳеч қандай шароитда фаластинликларни Ғазо ёки Ғарбий Соҳилдан мажбуран олиб чиқилишига, Ғазони қамал қилинишига ёки Ғазо чегараларини ўзгартирилишига йўл қўймайди», деди.

Бу ҳақда у Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий билан учрашув чоғида маълум қилди. Харрис Ғазодан Америка фуқароларини эвакуация қилиш ҳаракатлари учун Мисрга миннатдорчилик билдирди.

COP28 иқлим саммити доирасида Дубайда бўлиб ўтган учрашувда Харрис тинчлик саъй-ҳаракатлари «фаластин халқининг қайта тикланган Фаластин маъмурияти остида ўз давлатини барпо этиши учун аниқ сиёсий истиқбол контекстида амалга оширилсагина муваффақият қозониши мумкинлигини айтди».

Вице-президент ҲАМАС Ғазони назорат қила олмаслигини ва АҚШ Ғазодаги барча гаровга олинганларни озод қилиш учун «тинимсиз таъқиб»ни давом эттиришини маълум қилди.

Мавзуга оид