Полша ҳукумати 2022 йил сентябрида Болтиқ денгизи тубида «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» газ қувурлари портлашига алоқадорлигини рад этди. «Полшанинг ҳеч нарсага алоқаси йўқ, бу ёлғондир», деди Полша бош вазири ўринбосари ва рақамли технологиялар вазири Кшиштоф Гавковский 16 август, жума куни Polsat News нашрига берган интервюсида. Аввалроқ Германия Федерал разведка хизмати (BND) собиқ раҳбари Аугуст Ханнинг Украина-Полша ўзаро тил бириктиргани ҳақида баёнот берганди.
15 август куни Германиянинг Welt TV телеканалига берган интервюсида Ханнинг «Полша идоралари» ҳамда Украина ва Полша ҳукуматларини газ қувурини бузиш операциясида бевосита иштирок этишда айблади. «Бу ерда Полша идоралари иштирок этгани аниқ - ва менимча, бу шунчаки бўлимлар эмас, бу Украина ва Полшадаги ҳокимиятнинг энг юқори бўғини ўртасидаги келишув эди», деди BND собиқ раҳбари. Унинг фикрича, Германия ҳукумати Киев ва Варшавадан «давлат терроризми» иши учун товон талаб қилиши керак.
Ханнингнинг сўзларига кўра, ҳужумни «Украина жамоаси» амалга оширган, аммо бу фақат «Полшанинг кучли логистик ёрдами билан» мумкин бўлган. Германия разведкаси собиқ раҳбари «бу энг юқори сиёсий даражада қабул қилинган қарорлар», деб ҳисоблайди. «Президент Зеленский ва президент Дуда ўртасида ушбу ҳужумни амалга ошириш бўйича келишувлар бўлганига ишонаман», деди Ханнинг ва Варшава ҳукуматини «тергов муваффақиятидан аниқ манфаатдор эмасликда» айблади.
Гавковский: «Бу Россиянинг дезинформацияси»
Кшиштоф Гавковский бу айбловларни қатъиян рад этди. «Менимча, бу немис сиёсатчилари ёки Германиядаги давлат бошқаруви аъзоларининг сўзлари орқали етказилган Россия дезинформациясининг акс-садоси», - деди у. Гавковский сўзларига кўра, у «Полшанинг «Шимолий оқим»даги диверсияларга алоқадорлиги ҳақида ҳеч қандай далил йўқлигига ишончи комил».
Полша бош вазири ўринбосари қўшимча қилишича, сўзлари тахмин эмас, балки ҳақиқат ва Полша диверсияларда иштирок этганлик айбловларини қабул қилмайди.
WSJ Залужнийнинг портлашларга алоқадорлиги ҳақида хабар берди
WSJ манбаларига кўра, «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» газ қувурларини портлатиш операциясида ҳал қилувчи ролни Украина Қуролли кучлари (УҚК) собиқ бош қўмондони Валерий Залужний ўйнаган.
Нашрнинг 14 августдаги материалида айтилишича, операция ғояси 2022 йил май ойида уни молиялаштирган Украина юқори мартабали ҳарбий офицерлари ва бизнесменлари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда туғилган. Уни бевосита Залужнийга бўйсунган исми ошкор этилмаган генерал бошқарган ва портлашни оддий ижарага олинган яхтада олти нафар ҳарбий ва фуқаролик ғаввосларидан иборат гуруҳ амалга оширган.
















