АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича бўлажак музокаралар олдидан Исроилга ташриф буюрди. Америка дипломатияси раҳбари Тел-Авивдаги Бен-Гурион аэропортига қўнди, деб хабар берди AFP 18 август, якшанба куни.
Унга кўра, Блинкен 19 август куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, мудофаа вазири Йоав Галант ва президент Ицхак Герцог билан учрашади, 20 август куни эса Мисрга боради.
Блинкеннинг Ғазодаги уруш бошланганидан бери Яқин Шарққа тўққизинчи ташрифи
Давлат департаменти матбуот котиби ўринбосари Ведант Пател аниқлик киритишича, Блинкеннинг «интенсив дипломатик саъй-ҳаракатлари» 16 август куни Вашингтон томонидан Миср ва Қатар кўмагида тақдим этилган вақтинчалик таклифга асосланади.
«Ушбу таклиф Ғазода ўт очишни тўхтатишга эришиш, барча гаровга олинганларни озод қилиш, бутун минтақа бўйлаб гуманитар ёрдам тарқатилишини таъминлаш ва кенгроқ минтақавий барқарорлик учун шароит яратиш имконини беради», - дея ишонтирди Давлат департаменти.
Блинкен яна бир бор минтақадаги барча мамлакатларни кескинлашув ёки келишувга эришиш қобилиятига путур етказадиган бошқа ҳаракатлардан тийилишга чақиради.
AFP эслатганидек, бу АҚШ давлат котибининг 2023 йил октябр ойида Ғазо секторида уруш бошланганидан бери Яқин Шарққа тўққизинчи ташрифидир.
Нетаняҳу: Ҳамасга босим ўтказиш керак
18 август куни Нетаняҳу, унинг фикрича, биринчи навбатда, Фаластиннинг Ҳамас ҳаракатига босим ўтказиш кераклигини яна бир бор таъкидлади.
«Ҳамас ўз вакилини ҳатто Доҳадаги музокараларга ҳам юбормади, шунинг учун ҳам Исроил ҳукуматига эмас, балки Ҳамасга ва (Яҳё) Синварга босим ўтказиш керак», деди Нетаняҳу вазирлар маҳкамаси йиғилишида Ҳамаснинг янги раҳбарига ишора қилиб.
Ғазо бўйича таклиф 7 октябр куни ўғирлаб кетилган барча гаровга олинганларни Ҳамас қўйиб юборадиган уч босқичли жараённи талаб қилади. Бунинг эвазига Исроил ўз кучларини Ғазо секторидан олиб чиқиб кетади ва фаластинлик маҳбусларни озод этади, деб эслатди AP.
Британия ва Франция ташқи ишлар вазирлари Дэвид Лэмми ва Стефан Сежурне ҳам 16 август куни Исроилга ташриф буюриб, Ғазо бўйича келишув зудлик билан амалга оширилиши зарурлигини таъкидлади.
















