20 август – Тадбиркорлар кунида анъанага кўра бизнес ҳамжамият билан мулоқот қилган президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлик субъектлари учун қатор янгиликларни анонслади. Kun.uz кутилаётган муҳим ўзгаришларни санаб ўтади.
Сўнгги ойларда тадбиркорларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган юридик шахсларнинг лимитдан ташқари электр ва газ истеъмоли учун тариф пасайтириладиган бўлди.
31 майда қабул қилинган тартибга кўра, лимитдан ортиқча электр энергияси ишлатган юридик шахслар ортиқча ишлатилган қисми учун 2 баробар – киловатт-соатига 1800 сўмдан тўлашга мажбур бўлаётган эди. Очиқ мулоқот чоғида президент бу чеклов қисқартирилишини айтди.
“Энди электр ва газ истеъмоли лимитдан 20 фоизгача ошиб кетса ҳам базавий тариф сақланиб қолади. Агар истеъмол 20 фоиздан ўтиб кетса, ошган қисмига тўлов 20 фоиз қимматлашади. Тадбиркорлик рейтингида “юқори”, “ўрта” тоифадаги корхоналарга электр учун олдиндан тўловни бир ойда иккига бўлиб тўлашга рухсат берилади”, – деди президент.
Шавкат Мирзиёев бюджетдан, кредитдан ва бошқалардан қарзи бор тадбиркорларнинг ҳисобрақамига “инкассо” қўйилгани учун улар электр, газ ва сувга тўлов қила олмаётгани, ваҳоланки, ишлаб чиқариш тўхтамаса, қарздорлик тезроқ узилишини таъкидлади. “Энди “инкассо” бўлганда ҳам, коммунал хизматларга тўловлар тўхтатилмайди”, деди у.
Давлат раҳбари Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш масаласига тўхталиб, Ўзбекистон 2026 йилгача ташкилотга кириш ниятида эканини билдирди.
“Ушбу ташкилотга кириш – чуқур ўйланган ва узоқни кўзлаган танлов, қолаверса, ислоҳотларимизнинг ажралмас бир қисми. Лекин айримлар бунга шубҳа билан қараяпти, бошқалар “корхоналар синади, импорт босиб кетади” деган хавотир билан юрибди. Бир нарсани тушуниш зарур, импорт божлари ишлайди. Шунинг учун, ташкилот аъзолари билан музокаралар ўтказяпмиз.
[...] Эртанги кунимиз – бу тенг рақобат муҳити ва экспортга қаратилган саноат ва савдо сиёсати. Иқтисодиётимизга олдинлари протекция қайсидир маънода керак эди. Яна шу йўлда давом этсак, имкониятларимиз чекланиб қолади. Чунки, халқаро ишлаб чиқариш занжирларига кирмасак, иқтисодий ўсиш биз кутгандек бўлмайди”, – дея қайд этди президент.
Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, бундан буён ҳеч кимда алоҳида ҳуқуқ бўлмайди, хоҳ давлат стратегик корхонаси бўлсин, хоҳ хусусий корхона ёки хорижий инвестор бўлсин, иқтисодиётда барча тенг шароитда фаолият юритади.















