Киев ва унинг ғарбдаги айрим иттифоқчилари Модининг Москвага июл ойидаги сафарига кескин муносабат билдирганди.

Украина президенти Володимир Зеленский «дунёдаги энг йирик демократик давлат раҳбари Москвада дунёнинг энг машҳур жиноятчиси билан қучоқлашиб кўришишини кўриш қайғули» эканини айтганди.

Моди Киевга Зеленский ва ғарблик етакчиларни тинчлантириш учун келдими?

Унчалик эмас.

Ҳиндистон ўз ташқи сиёсатини қуришда икки қарама-қарши томон ўртасида мувозанат сақлаши ажабланарли эмас. Бу мамлакат ўнлаб йиллардан буён қандайдир иттифоққа қўшилмаслик тамойилини муваффақиятли амалга ошириб келмоқда.

Моди Москвага июл ойида борган, унинг Владимир Путин билан учрашуви Украина ва Ғарб томондан кескин танқид қилинганди

Ҳиндистон бош вазирининг 23 август кунги Украинага илк ташрифи — бу кўпроқ Деҳлининг Россия билан мустаҳкам муносабатлардан воз кечмасдан, Ғарб билан ҳам яқиндан ҳамкорликни давом эттириш истаги ҳақидаги баёнотидир.

Вашингтондаги Вилсон таҳлил маркази қошидаги Жанубий Осиё институти директори Майкл Кугелманнинг айтишича, бу ташриф Ҳиндистоннинг стратегик автономиясини яна бир бор таъкидлайди.

«Ҳиндистон ғарбдаги державаларни ёки бошқа кимнидир тинчлантиришга отланмаган. Бу сафардан мақсад Киев билан дўстона алоқаларни яна бир бор тасдиқлаш ҳамда давом этаётган уруш юзасидан хавотир билдириш орқали Ҳиндистон манфаатларини илгари суришдир», — деган у.

Шунга қарамай, ташриф учун танланган вақт Ҳиндистон дипломатияси АҚШнинг Модининг Москвага ташрифига нисбатан кескин муносабатини инобатга олганидан далолат беради.

Ҳиндистон ғарбдаги йирик давлатларни норози қилган ҳолда Россияни бошлаган уруши учун тўғридан тўғри қоралашдан ўзини тийганди.

Аммо расмий Деҳли давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш лозимлиги ҳақида тез-тез баёнот бериб туради ва доимий равишда тинчлик музокараларини ёқлаб келади.

Модининг Москвага июл ойидаги ташрифи Россия Украинани бомбардимон қилиши оқибатида 41 киши, жумладан Киевдаги болалар шифохонасида ҳам одамлар ҳалок бўлишидан бир неча соат ўтганидан кейин амалга оширилганди. Бу эса бутун дунёни ларзага солганди.