23 август куни Кўксарой қароргоҳида мамлакатимизга давлат ташрифи билан келган Озарбойжон президенти Илҳом Алиевни тантанали кутиб олиш маросими бўлди.

Икки давлат байроқлари билан безатилган майдонда Озарбойжон президенти шарафига фахрий қоровул саф тортди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий кутиб олди ва шоҳсупага таклиф қилди. Ўзбекистон ва Озарбойжон давлат мадҳиялари янгради.
Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.


Биргаликда суратга тушилгандан сўнг, давлат раҳбарларининг тор доирадаги музокаралари бошланди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Кўксарой қароргоҳида тор доирада учрашув ва Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлисини ўтказди.
Ўзбекистон билан Озарбойжон ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари Озарбойжон президентининг бу галги давлат ташрифи тарихий воқеа эканини алоҳида таъкидлади.
- Бугун биз Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолаймиз. Бир неча йил давомида биз биргаликда Ўзбекистон-Озарбойжон муносабатларини давлатлараро ҳамкорликнинг энг юқори даражасига кўтаришга муваффақ бўлдик, - деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, кўп қиррали ҳамкорликни илгари суриш ва уни аниқ мазмун билан бойитишнинг самарали механизмига айланиши лозим бўлган Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси ўтказилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Етакчилар икки томонлама алоқалар жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади. Парламентлар, ҳукуматлар, тармоқ идоралари ва ҳудудлар ўртасида яқин алоқалар йўлга қўйилди. Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, форум ва кўргазмалар, кўплаб маданий тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда. Ишбилармон доиралар ўртасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда.
















