Бу галги турнирга Ўзбекистон 9 та спорт туридан 65 нафар пара атлет — жами 113 та лицензия билан борган. Бу Ўзбекистон учун Паралимпиада тарихида рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Навбат медаллар сони ва сифати бўйича ҳам рекордни янгилашгами?

Тарих

Ўзбекистон ёзги Паралимпия ўйинларида 2004 йилда дебют қилган ва Афинада бир спортчи билан қатнашган — Юсуф Қодиров (пауэрлифтинг). 2008 йилда йўлланмалар сони иккитага етган. Дастлабки медал эса Лондон-2012да қўлга киритилган. Пара дзюдочи Шариф Халилов кумуш медалга сазовор бўлиб, Ўзбекистон тарихидан ўрин олган.

Рио-2016 — Ўзбекистон учун энг муваффақиятли Паралимпиада. 32 пара атлет билан борган делегация 31 та медал билан қайтган — 8 олтин, 6 кумуш, 17 бронза. Умумий рейтингда 16-ўрин эгалланган.

Токио-2020да олтинлар сони бўйича рекорд такрорланган, аммо умумий медаллар бироз камроқ бўлган — 8 олтин, 5 кумуш, 6 бронза ва якунда 21-ўрин. Япония пойтахтидаги мусобақада натижа бундан ҳам яхши бўлиши мумкин эди, аммо коронавирус пандемияси ўз таъсирини кўрсатган. Ўзбекистонлик 25 нафар спортчига нисбатан қаттиқ карантин талаблари қўлланган. Лобар Хуррамова, Севинч Салаева, Васила Алибоева каби медал келтириши кутилган дзюдочилар карантинга олингани сабаб мусобақада иштирок эта олишмаган.

Биринчи кундан медаллар

Парижда биринчи кундаёқ икки медал қўлга киритилди. Пара сузишда S13 классида 100 метрга баттерфлaй усулида Муслима Одилова бронза билан Ўзбекистон учун медаллар ҳисобини очди. Бу Муслима учун Паралимпия ўйинларидаги илк муваффақият эмас. У Риода иккита кумуш медал олганди.

Биринчи кундаги иккинчи медални Зиёда Исоқова келтирди. Пара таэквондочи финалгача етиб бориб, якунда кумуш медал соҳибига айланди.

Бу — фақат бошланиши. Олдинда медаллар шодаси кутаётгани, шубҳасиз.

Қайси спорт турларидан медаллар кутилмоқда?

Ўзбекистон делегацияси таркибида энг кўп лицензия пара енгил атлетика спорт туридан қўлга киритилган — 47. Таркибда жаҳон ва Олимпиада чемпионлари Ҳусниддин Норбеков ҳамда Сафия Бурханова, жаҳон ва олимпиада чемпиони Бобур Омонов, икки карра жаҳон чемпионлари Асила Мирзаёрова ва Нурхон Қурбонова, Токио-2020 чемпиони Моҳигул Ҳамдамова, жаҳон чемпионлари Қудратулла Маъруфхўжаев, Иззат Турғунов ва Ёқутхон Холбекова, Пара Осиё ўйинлари чемпионлари Дониёр Салиев ва Кубаро Ҳакимова, Токио Олимпидаси совриндори Элбек Султонов бор.