Chat GPT-4 сўровларни қайта ишлаш жараёнида серверларни совитиш учун катта миқдорда энергия ва сув сарфлайди. Мисол учун, 100 сўздан иборат электрон почта хабарини ёзиш учун 519 миллилитр сув керак бўлади. Бу ҳақда Washington Post томонидан ўтказилган тадқиқотда келтириб ўтилган.
Pew маркази маълумотларига кўра, ишга туширилгандан бери америкаликларнинг чорак қисми Chat GPT’дан фойдаланиб келади. Унга юбориладиган ҳар бир сўров махсус ресурсларни талаб қилади.
Чатбот серверлари сўровларни қайта ишлаш учун катта миқдорда энергия сарфлайди ва уларни маълумот марказларида совитиш атроф-муҳитга жиддий таъсир қилади.
WP Калифорния университети тадқиқотчилари билан биргаликда ўртача 100 сўзли электрон почта хабарларини ёзиш учун Chat GPT-4 ўз серверларини совитиш учун 519 миллилитр сув ишлатишини аниқлади, бу бир шишадан сал кўпроқ. Агар ҳар бир инсон бир йил давомида ҳар ҳафта шундай хат юборса, унга 27 литр сув керак бўлади. Chat GPT’га ҳар бир сўров минглаб ҳисоб-китобларни амалга оширадиган сервер орқали ўтади ва катта миқдорда иссиқлик ҳосил қилади.
«Сув тизимлари кўпинча ускунани совитиш ва унинг функционаллигини таъминлаш учун ишлатилади», дейилади тадқиқотда.
Экологларнинг таъкидлашича, энг яхши шароитларда ҳам маълумот марказлари ўзлари жойлашган шаҳарларида энг кўп сув истеъмолчилари қаторига киради.
Қайд этилишича, айрим ҳолларда сув ўрнига йирик кондиционер тизимлардан фойдаланилади, айниқса, сув ресурслари чекланган ёки электр энергияси арзон бўлган ҳудудларда. Аммо электр совитиш тизимларига эга маълумот марказлари ҳам ташвиш уйғотади, чунки бу электр тармоғини зўриқтиради.
«СИ кўп энергия талаб қилиши мумкин, шунинг учун биз доимий равишда самарадорликни ошириш устида ишлаймиз», деган Open AI вакили Кайла Вуд.
Маълумот марказлари булутли ҳисоблаш каби бошқа фаолиятни қўллаб-қувватлаш учун жуда катта энергия талаб қилади ва сунъий интеллект бу юкни фақат оширди, дейди Калифорния университети доценти Шаолеи Рен. Агар маълумот маркази иссиқ ҳудудда жойлашган бўлса ва уни совитиш учун кондиционер ишлатилса, серверларни салқин сақлаш учун жуда кўп электр энергияси талаб қилинади. Агар сув билан совитилган маълумот марказлари қурғоқчиликка мойил бўлган ҳудудларда жойлашган бўлса, улар қимматбаҳо табиий ресурс тақчиллиги хавфини пайдо қилади.















