Жаҳон | 11:30 / 30.09.2024
3881
3 дақиқада ўқилади

Ливан армияси Насруллоҳ вафотидан кейин халқни бирдамликка чақирди

Ливан армияси қўмондонлиги «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилганидан кейин халқни ички низолардан огоҳлантирди. Марунит христианлар патриархи Беҳала Бутрос Ливан халқини тинчликка чақирди.

Фото: SOPA Images/LightRocket via Getty Images

Исроил Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати етакчиси Ҳасан Насруллоҳни йўқ қилганидан сўнг, Ливан армияси мамлакатда янги можаролар хавфи ҳақида огоҳлантирди. «Армия қўмондонлиги барча фуқароларни миллий бирдамликни сақлашга ва мамлакатимиз тарихидаги ушбу хавфли ва нозик босқичда фуқаролар тинчлигига таҳдид солувчи ҳаракатларга қўл урмасликка чақиради», — дейилади Ливан армиясининг 29 сентябр, якшанба куни эълон қилинган баёнотида. 

Баёнотда айтилишича, «Исроил ўз зарбалари билан ливанликлар ўртасидаги бўлинишни чуқурлаштириш мақсадида бузғунчи режаларни амалга оширмоқда».

Ҳасан Насруллоҳ ўлимининг ноаниқ оқибатлари

Ҳасан Насруллоҳнинг йўқ қилиниши қандай оқибатларга олиб келиши ҳозирча аниқ эмас. «Ҳизбуллоҳ» ўз назорати остидаги ҳудудларда инфратузилма, соғлиқни сақлаш тизими, мактаблар ва ёшлар дастурларини қўллаб-қувватлаб, мустақил давлат сифатида фаолият юритади. «Ҳизбуллоҳ» нуфузли сиёсий партия ҳам бўлиб, унинг вакиллари Ливан ҳукуматида вазирлик лавозимларини эгаллайди.

Сўровларга кўра, «Ҳизбуллоҳ»ни Ливан аҳолисининг тахминан 30 фоизи қўллаб-қувватлайди.

Эронлик агент Исроилга Насруллоҳни йўқ қилишга ёрдам берган

«Ҳизбуллоҳ» ҳаракати тузилмаларига кириб борган Эроннинг қўш агенти Исроил армиясига гуруҳ раҳбари Ҳасан Насруллоҳнинг қаерда эканлиги ҳақида маълумот берди, бу эса ЦАҲАЛга уни йўқ қилиш имконини яратди. Бу ҳақда 28 сентябр куни Франциянинг Le Parisien газетаси Ливан хавфсизлик хизматидаги манбага таяниб хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, 27 сентябр куни Ҳасан Насруллоҳ бир кун аввал Исроил ҳаво ҳужуми натижасида ҳалок бўлган «Ҳизбуллоҳ» учувчисиз учоқлар бўлинмаси қўмондони Муҳаммад Ҳусайн Срурнинг дафн маросимида иштирок этган. Дафн маросими гуруҳнинг ерости қўмондонлик марказидан унча узоқ бўлмаган Ҳарет-Хрейк ҳудудида бўлиб ўтди. Айни вақтда бункерларни йўқ қиладиган бомбалар билан жиҳозланган Исроилнинг F-35 қирувчи самолётлари пистирмада туриб, нишоннинг «Ҳизбуллоҳ» қароргоҳига қайтишини кутишган.

Куннинг иккинчи ярмида эронлик агент исроилликларга Насруллоҳнинг яқин орада етиб бориши ҳақида хабар берди. У дафн маросимидан сўнг Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг нуфузли бўлинмаси - "Ал-Қудс" кучлари қўмондони ўринбосари, эронлик генерал-майор Аббос Нилфорушаннинг машинасида ўз қароргоҳига етиб келди. Гуруҳнинг фавқулодда йиғилишида Насруллоҳдан ташқари яна 12 нафар қўмондон иштирок этган. Le Parisien нашри хабарига кўра, Исроил ҳарбийлари портлаш буйруғини беришдан олдин ҳамма бир хонада йиғилишини кутган. Газета манбасига кўра, ЦАҲАЛ учувчилари «Ҳизбуллоҳ» қўмондонлик марказига ҳар бири икки тонна оғирликдаги олтита бомба ташлаган. Аввалроқ Исроилнинг Ynet портали гуруҳнинг қўмондонлик марказига ташланган бомбаларнинг умумий оғирлиги 80 тоннадан ошганини таъкидлаган эди.

Мавзуга оид