Жаҳон | 20:39 / 08.10.2024
2028
3 дақиқада ўқилади

Беларусда «давлат ҳокимиятини эгаллашга уринган» 22 нафар мухолифатчига жиноят иши қўзғатилди

Жиноят иши «Платформа 2025» — август ойида Вилнюсда Беларус демократик кучлари томонидан қабул қилинган ҳужжат туфайли қўзғатилган.

Александр Лукашенко / Фото: AP

Беларус Тергов қўмитаси 8 октябр куни давлат ҳокимиятини эгаллаш мақсадида фитна уюштирганликда гумонланган 22 кишига нисбатан жиноят иши қўзғатди.

Қайд этилишича, иш «Платформа 2025» — август ойида Вилнюсда Беларус демократик кучлари томонидан қабул қилинган ҳужжат туфайли қўзғатилган. Ҳужжатда айтилишича, Александр Лукашенко «ҳокимиятни жиноий равишда ушлаб турибди», Беларус давлат тузилмалари сайловлар ўтказиш учун легитим эмас, «Платформа 2025»нинг асосий вазифаси — «Беларусда репрессияни тугатиш ва сиёсий маҳбусларни озод этиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш»дан иборат.

Тергов қўмитасининг маълум қилишича, «Платформа 2025»ни ишлаб чиқишда иштирок этган мухолифат вакиллари «2025 йилда ўтказиладиган сайловларни барбод қилиш бўйича режа ишлаб чиқишга» уринмоқда. Тергов версиясига кўра, «Платформа 2025» конституциявий тузумга тажовуз қилиш, ички ишларга четдан аралашиш, мамлакатнинг миллий манфаатларига зид сиёсий йўналишни жорий этиш, ахборотни бузиб талқин қилиш, сайловолди ташвиқотини обрўсизлантириш, жамиятдаги кескинлик ва қарама-қаршиликни кучайтиришга қаратилган.

Таъкидланишича, гумонланувчилар Светлана Тихановская ва унинг тарафдорларини Беларус Республикасида давлат ҳокимиятини конституцияга зид йўллар билан эгаллаб олиш фаолиятига қўшилган шахслардир. Тергов қўмитасининг қўшимча қилишича, ҳозирда «тергов ҳаракатлари, жумладан, текшириш, тинтув, мулкни олиб қўйиш ва бошқа процессуал ҳаракатлар олиб борилмоқда».

Тергов қўмитаси май ойида Беларус мухолифати Мувофиқлаштирувчи кенгаши сайловларининг 257 нафар иштирокчисига қарши иш очган эди. Ушбу тузилма 2020 йилнинг августида, мамлакатдаги сиёсий инқирозни енгиб ўтиш мақсадида Александр Лукашенкога қарши норозилик намойишлари вақтида шакллантирилган. Ишга алоқадор шахслар ҳокимиятни эгаллашга уринишда айбланган.

Беларусда президентлик сайловлари 2025 йил 20 июлгача ўтказилади, ҳозирча аниқ санаси белгиланмаган. Норасмий маълумотларга кўра, овоз бериш жараёнлари 23 феврал куни ўтказилиши мумкин. Александр Лукашенко яна номзодини қўйишини маълум қилган.

Мавзуга оид