CENTCOM маълумотига кўра, америкалик ҳарбий 18 июл куни Ироқ шимолида Эронга тегишли уриб туширилган дроннинг портламаган ўқ-дориларини назорат остида йўқ қилиш операцияси вақтида ҳалок бўлган.
Ҳодиса оқибатида яна бир ҳарбий енгил жароҳат олган. Унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Иорданияда йўқолган ҳарбийнинг жасади топилган бўлиши мумкин
Бундан аввал CENTCOM 17 июл куни Эрон томонидан Иорданиядаги АҚШ авиабазасига берилган зарба натижасида икки америкалик ҳарбий ҳалок бўлгани, яна бири бедарак йўқолганини маълум қилган эди.
Энди қўмондонлик ҳодиса жойида ўтказилган қидирув ишлари давомида ҳозирча шахси аниқланмаган инсон қолдиқлари топилганини билдирди.
The New York Times ва The Wall Street Journal нашрлари расмий манбаларга таяниб ёзишича, топилган қолдиқлар эҳтимол бедарак йўқолган америкалик ҳарбийга тегишли бўлиши мумкин. Ҳозирда шахсни аниқлаш ишлари давом этмоқда.
АҚШ ва Эрон ўзаро зарбаларни давом эттирмоқда
18 июл куни АҚШ Қуролли кучлари Эрон ҳудудига навбатдаги ҳаво зарбаларини амалга оширди. CENTCOM маълум қилишича, бу ҳужумлар Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК)ни Иорданиядаги америкалик ҳарбийлар ўлими учун жазолаш ҳамда Эроннинг Ҳўрмуз бўғозида халқаро денгиз қатновига таҳдид солиш имкониятларини чеклаш мақсадида уюштирилган.
Бунга жавобан Эрон Кувайтда жойлашган АҚШнинг икки ҳарбий базасига ракета ҳужумлари уюштирди.
Трамп: «Эрон ядровий қуролга эга бўлмаслиги керак»
АҚШ президенти Доналд Трамп NewsNation телеканалига берган телефон интервюсида америкалик ҳарбийларнинг ҳалок бўлишини «ачинарли воқеа» деб атади.
Унинг таъкидлашича, Вашингтоннинг асосий мақсади ўзгармаган.
«Биз ҳеч қачон Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймаймиз», — деди Трамп.
АҚШ Яқин Шарққа қўшимча ҳарбий авиация юбормоқда
Можаро кучайиб бораётган бир пайтда The Wall Street Journal ва The New York Times нашрлари маълумотларига кўра, АҚШ Яқин Шарққа қўшимча жанговар самолётларни жўнатмоқда.
Хабарларда айтилишича, Германиядаги Шпангдалем авиабазасидан F-16, Буюк Британиядаги RAF Lakenheath авиабазасидан эса F-35 қирувчилари минтақадаги операцияларга жалб этилади. Шунингдек, ҳавода ёнилғи қуйиш учун мўлжалланган самолётлар ҳам Яқин Шарққа йўналтирилмоқда.
Мутахассислар фикрича, мазкур қадам Вашингтоннинг минтақадаги ҳарбий иштирокини янада кучайтириш ва Эронга нисбатан босимни оширишга қаратилган.












