Нетаняҳу: Биз курашни давом эттирамиз
«Ғазода ўғирлаб кетилганлар бор экан, биз курашни давом эттирамиз», деди Исроил бош вазири видеомурожаатида.
Фаластиннинг Ҳамас ҳаракати жангчиларининг ҳужуми бир йиллиги муносабати билан Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Исроил Ғазо секторидаги ҳарбий операцияни давом эттиришга тайёрлигини тасдиқлади. «Биз курашни давом эттирамиз ва биргаликда ғалаба қозонамиз», деди у 7 октябр, душанба куни эълон қилинган видеомурожаатида.
Нетаняҳунинг таъкидлашича, 7 октябр «келажак авлодлар учун уйғонишимиз нархининг рамзи бўлиб, уларга бизнинг қатъиятимиз ва руҳимиз кучини исботлайди». У Ғазо секторидаги уруш мақсадларини санаб ўтди: Ҳамасни ағдариш, барча гаровга олинганларни озод қилиш, келажакда Ғазодан Исроилга ҳар қандай таҳдиднинг олдини олиш, мамлакат жануби ва шимолидаги аҳолини ўз уйларига қайтариш. «Мамлакатимизда душман бизнинг мавжудлигимиз ва тинчлигимизга таҳдид солаётган экан, Ғазода ўғирлаб кетилганлар бор экан, биз курашни давом эттирамиз», — деди бош вазир.
7 октябр воқеалари: БМТ бош котиби минтақада тинчликка чақирди
2023 йил 7 октябрда Ҳамаснинг Исроилга амалга оширган ҳужуми бир йиллиги арафасида БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Фаластин гуруҳини қоралади ва «даҳшатга солувчи зўравонлик ва қон тўкилишини» зудлик билан тўхтатишга чақирди. «Шу куни жаҳон ҳамжамияти Ҳамаснинг ҳаракатларини, жумладан, одамларни гаровга олишини кескин қоралаши керак», — деди Гутерриш 6 октябрга ўтар кечаси. Шу билан бирга у Ҳамасни Қизил Хоч ишчиларига гаровга олинганлар билан учрашишига рухсат беришга чақирди.
«7 октябрдан бери даҳшатли зўравонлик ва қон тўкишлар тўлқини бўлди, - деди БМТ бош котиби. - Гаровга олинганларни озод қилиш вақти келди. Қуролларни четга қўйиш вақти келди. Азоб-уқубатларга чек қўйиш вақти келди. Бу минтақада тинчлик, халқаро ҳуқуқ ва адолат вақти келди». Гутерриш, шунингдек, Исроил билан ҳарбий можаро «ҳаётларни йўқ қилишда давом этаётгани ва Ғазо секторидаги фаластинликларга, ҳозир эса Ливан халқига чуқур инсоний азоб-уқубатлар келтираётганидан» хавотир билдирди.
Мавзуга оид
15:12
Ўзбекистон элчиси Исроил ташқи ишлар вазири ўринбосари билан учрашди
16:40 / 20.12.2024
Ғазода ҳарбий базалар қурилмоқда. Исроил мустаҳкам ўрнашиб олмоқчи
18:08 / 19.12.2024
Исроил илк бор Яман пойтахтига зарба берди
14:47 / 18.12.2024