Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил армиясининг Ғазога ҳужумлари қайталади. Секторнинг шимолидаги Жабалия мавзесида жойлашган Ал-Яман ас-Саид шифохонаси яқинидаги отишмаларда 16 нафар фаластинлик ўлдирилган.

Шифохона директори Камол Адван Ҳусам Абу Сафиянинг маълум қилишича, 16 нафар ҳалок бўлганлар ичида аёллар ва ёш болалар ҳам бор. Уларнинг кўпчилиги тириклай ёниб кетган.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган тасвирлардан кўринишича, шифохона яқинидаги қочқинларнинг чодирларига ҳам зарар етган. Шу сабаб аёллар ва ёш болалар ҳам ёниб кетган.

Ғазо сектори шимолий қисмининг Исроил томонидан оккупация қилиниши тўрт мақсадни кўзлайди, деб ёзмоқда Исроил оммавий ахборот воситалари.

Кўзланган мақсадларга кўра, Исроил ҲАМАС жангчиларини қуршаб олиш, инфратузилмани вайрон қилиш, ҳудуддан туриб ракета учирилишига чек қўйиш, шунингдек Исроил билан чегараларга чиқишга монелик қилишни кўзламоқда.

WALA янгиликлар сайтининг маълум қилишича, Исроил армияси жанубий қўмондонлигининг бригада генерали Ицик Коэн қўмондонлиги остидаги 162-дивизияси узоқ муддатда Ғазо сектори шимолидаги Жабалия мавзесида кенг кўламни операция ўтказишни мўлжалламоқда.

Ҳужумлар нафақат Ғазо секторида, Фаластиннинг Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилидаги қисмида ҳам давом этмоқда. ҲАМАС қаршилик ҳаракати эса чоршанба куни Исроил махсус кучлари томонидан Ғарбий соҳилда жойлашган Наблус шаҳрида ўтказилган операция «Оккупациянинг террористик тарихини давом эттирувчи шафқатсиз жиноят» эканини таъкидлаган.

ҲАМАС Наблусдаги фаластинликларнинг ўлими юзасидан таъзия билдирди ва Ғарбий соҳилдаги қаршиликлар репрессияларга қарамасдан қаршилик ҳаракати сўнмаслигини билдирган. Ташкилот мақсадли қотилликлар сиёсати Фаластин халқининг курашга бўлган иродасини синдира олмаслиги ва қатъиятини сўндирмаслигини таъкидлаган.

ҲАМАС шунингдек Ғарбий соҳилдаги фаластинликларни оммавий намойишларга, Исроил оккупациясига қарши туришни фаоллаштиришга, барча ҳудудлардаги мажбурий кўчирилганларни ўз ерларини ва муқаддас манзилгоҳларини ҳимоя қилишга чақирган.

Яҳё Синварнинг буйруғи