Шимолий кореялик аскарлар Россия армиясига ёрдам учун Украинага юборилаётгани тўғрисида хабарлар кўпайиб бормоқда. Ўтган ҳафтада «Интерфакс-Украина» ва KyivPost украин разведкасидаги манбаларига ҳавола қилган ҳолда, 3 октябр куни Украина қуролли кучларининг Донбасснинг оккупация қилинган қисмида Россия полигонига йўллаган ракета зарбаси оқибатида шимолий кореялик олти зобит ҳалок бўлгани ҳамда уч нафари яралангани ҳақида хабар тарқатганди.

Манбаларга кўра, КНДРдан бўлган зобитлар гуруҳи бу ерга «тажриба алмашиш доирасида» россиялик ҳамкасблар билан учрашиш учун келганди. Аслида ҳам шундайми, агар ҳа бўлса, КХДР ҳарбийлари Украинада жанг қилаётган Россия қўшинига қандай ёрдам бериши мумкин? BBC ҳарбий шарҳловчиси Иля Абишев шу ҳақда фикр юритди.

Украина разведка бош бошқармаси ҳам Украинанинг оккупация қилинган ҳудудларига Шимолий Кореядан чекланган миқдордаги ҳарбий хизматчилар контингенти, жумладан, муҳандислик қўшинлари бўлинмалари келгани ҳақида хабар берганди. Россия томони бу маълумот юзасидан изоҳ бермаган.

8 октябр куни Жанубий Корея парламентида мамлакат мудофаа вазири Ким Ён Ҳён ҳам шимолий кореялик ҳарбийлар Россияга ёрдам кўрсатиш учун Украинага юборилган бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирди. Унинг ҳисоблашича, Донбасснинг Россия томонидан босиб олинган қисмида шимолий кореялик аскарлар ҳалок бўлгани тўғрисидаги хабар, катта эҳтимол билан, ҳақиқатга тўғри келади.

«Россия ва Шимолий Корея ҳарбий иттифоққа ўхшаш келишув имзолагани туфайли ҳарбийлар фронтга юборилиши эҳтимоли юқори», — дея вазирнинг сўзларини келтирган Жанубий Кореядаги Yonhap нашри. Гап 2024 йил июнида

шимолий кореяликлар етакчиси Ким Чен Ин ва Россия президенти Владимир Путин ўртасида имзоланган кенг қамровли стратегик шериклик шартномаси ҳақида бормоқда.

Шимолий кореялик ҳарбийлар Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда Россия томонида туриб иштирок этаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар олдин ҳам тарқалганди. 2023 йил сентябрида Владимир Путин бундай хабарларни «ғирт ёлғон» деб атаганди — ўшанда у КХДР йўлбошчиси Ким Чен Ин билан Россиянинг Восточний космодромида учрашганди.

2024 йил июнида, Путин Ким Чен Ин билан ўзаро мудофаа ҳақидаги бандни ҳам ўз ичига олувчи шартномани имзолаганида, ундан шимолий кореялик аскарлардан «махсус ҳарбий амалиёт» (Россия ҳукумати Украинадаги урушни шундай атайди) ўтказишда фойдаланиш имконияти ҳақида сўрашганди. «Биз буни ҳеч кимдан сўрамаймиз, буни бизга ҳеч ким таклиф қилмаган», — дея жавоб қайтарганди Россия президенти.