13 октябрга ўтар кечаси Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳридаги Kingdom Arena стадионида россиялик икки енгилмас боксчи: IBF, WBC ва WBO версиялари бўйича яримоғир вазн чемпиони Артур Бетербиев ва WBA Super версияси чемпиони Дмитрий Бивол ўртасида узоқ кутилган жанг ўтказилди.

Бу жангни анчадан буён режалаштириб келишаётганди, аммо уни ташкиллаштириш осон кечмади. Томонлар узоқ вақт давомида промоутерларнинг позицияси туфайли келиша олмади. Ниҳоят жанг 2024 йил 1 июн кунига белгиланганида, уни Бетербиевнинг жароҳати туфайли бекор қилишди. Шунга қарамай, ўша куни Бивол рингга чиқди ва ғалаба қозонди, мутлақ чемпионлик учун жанг эса октябрга кўчирилди.
1 июн куни Бивол ливиялик Малик Зинадни олтинчи раундда нокаутга учратганди, бу унинг учун 2018 йил мартидан буён илк бор жангни муддатидан олдин якунлаши бўлди, ўшанда у Салливан Баррерани таслим этганди. Кейинги олти йил ичида Дмитрий тўққиз жанг ўтказиб, уларнинг бирортасида нокаут қила олмади, лекин боксдаги асосий фигуралардан бирига айланди. Унинг энг муҳим ғалабаси таниқли боксчи Саул «Канело» Алварес устидан очколар бўйича қозонилган ғалаба бўлганди.
Артур Бетербиевнинг охирги жанги эса 2024 йил январида Каллум Смитга қарши кечиб, жанг еттинчи раунддаёқ якунига етганди. Артур профессионал боксда 20 жанг ўтказиб, барчасида нокаут билан ғалаба қозонган. Унинг сўнгги рақиблари қаторида Смитдан ташқари, Энтони Ярд, кичик Жо Смит, Маркус Браун ва Адам Дайнес кабиларни келтириш мумкин.
Жангнинг илк сониялариданоқ Бетербиев ринг марказини эгаллади ва асосан чап қўл жеб зарбасига таянди. Бивол эса ҳеч қаёққа шошилмади, рақибининг заиф нуқталарини қидирди ва енгил комбинациялар амалга оширди. Бу оралиқ якунида Дмитрий иккиталик зарбаси билан рақибнинг бошига зарба теккизди. Бетербиевнинг зарбалари кўпинча блокка урилаётганди, аммо гонг чалинишига бир неча сония қолганида рақиблар кутилмаганда олдинга ташланишди — Дмитрий жағ қисмига бир неча зарбалар ўтказиб юборди, лекин бу жиддий муаммо туғдирмади. Иккинчи раунд ҳам шу руҳда бошланди: Бивол масофа сақлади, Артур эса яқинлашишга ҳаракат қилди. Дмитрий кучсиз зарбалар сериясини йўллашдан тортинмади — бу борада у Бетербиевдан ўзиб кетди, Артур эса прессингни давом эттирди ва унинг зарбалари нисбатан хавфлироқ кўриниш олди.
Учинчи раунд бошида Бетербиев янада шиддат билан олдинга ўтди. Бивол рақибини чап қўл жеб зарбаси билан кутиб олишга уринди, аммо бундай босим туфайли давомли зарбалар йўллаш қийин эди. Шунга қарамай, Дмитрий яхшигина қарши ҳужумлар уюштирди, уч дақиқалик якунида эса рақиблар яна савалашиб кетишди — бу сафар Бивол таваккал қилмади ва клинчга кирди. Дмитрий тўртинчи раундда ринг бўйлаб кўпроқ ҳаракат қила бошлади — рақиби эса режадан оғишмади ва шунчаки зарбалар билан олдинга ташланди, бу зарбалар кўпинча метин ҳимоядан ўтмади. Сўнгги сонияларда Бетербиевнинг жавобсиз қолган бир неча зарбалари туфайли раунд унга ёзилди.



















