«Манчестер Сити» клуби ва Испания миллий жамоаси етакчиси ва бугунги кун футболининг энг кучли таянч яримҳимоячиларидан бири — Родри «The Player’s Tribune» нашрига интервью бериб, ўзининг майдондаги ва ҳаётдаги «олами» ҳақида гапириб берди.

«Мен доим жамоадошларимга инглизча эмас, американча гаплашишимни айтаман. Улар устимдан кулишни яхши кўришади. Доим шундай. Одатда, киядиган уст-бошимни деб масхара қиладилар. Лекин кўпинча ҳазиллар менинг гапириш тарзим ҳақида бўлади. Боиси, мен тилни Лондон ёки Манчестерда ўрганмаганман. Мен инглиз тилини Коннектикутда ўрганганман — американ лаҳжасида гаплашаман.

Кўриб турганингиздек, оиламда таълим жуда муҳим масала эди ва отам доим менинг Америка мактабида бир йил бўлса ҳам ўқиб қайтишимни истарди. Лекин менинг футболчи бўлиш орзум бунга йўл қўймаган. Шунинг учун, 14 ёшлигимда ёзги таътил вақтида Коннектикутдаги ёғочдан қурилган лагерлардан бирига борганман ва инглиз тилини ўша ерда ўрганганман. Ҳатто штат номи ҳам мадридлик кичик болакайга кулгили туюларди.

Лекин етиб борганимда худди Ҳолливуд киноларидан бирининг ичига тушиб қолгандек ҳис қилганман. Киноларда кўрамизку: болалар ёзги лагер учун кўл бўйидаги ям-яшил жойга боришади, каноэларда кўл бўйлаб сузишади, дарахтларга тирмашиб чиқишади, чайлаларда ухлайдилар ва пайрахалар билан олов ёқишади… Мен борган жой ростдан ҳам шундай эди. Гулхан атрофида маршмеллоу ва бисквитлар ердик. Шоколад беришарди. Буни сўз билан тасвирлаб бериш қийин эди. Телефон йўқ, Wi-Fi йўқ, мен бегона юртда янги дўстлар орттиришим керак эди. «Салом, мен — Родригоман, Мадриддан», дердим ўзимнинг аранг суҳбат қурадиган инглиз тилим билан. Болалар менинг устимдан кулишарди. «Хўп, йигитлар, қачон футбол ўйнаймиз», дердим. Улар эса «Ҳа, кечроқ футбол ўйнаймиз, теридан тўп ясаб, бир-биримизга улоқтирамиз, НФЛдагидек». Мен эса ҳайрон қолардим. «Йигитлар, мен футбол (soccer) ўйнамоқчиман», десам, улар буни рад этишарди.

Аксига олиб, у ерга 2010 йилги жаҳон чемпионати бошланганида боргандим. Интернет йўқлиги сабабли ҳеч нарсадан хабарсизлигимдан сиқилардим. Лекин лагеримизнинг асосий хонасида компютер бўларди ва консулимиздан ҳар учрашувдан сўнг натижаларни кўриб беришини илтимос қилардим. Испания биринчи учрашувда Швейцарияга ютказиб қўйганди, эсласангиз. Улар менга буни айтишганда устимдан кулишяпти, деб ўйлаганман. «Швейцарияга? Аминмисиз? Тўғри қидирдингизми ўзи?» Вақт ўтаверди, Испания эса яхшироқ ўйнашда давом этди. Плей-офф — улар ҳамон ғалаба қозонмоқда. Германияга қарши яримфинал вақтида гуруҳ билан каноэ саёҳатига чиққандик ва тюторимдан ҳар дақиқада ҳисобни кўриб беришини сўраб турардим. Ваниҳоят, лагерга қайтганимизда менга кимдир Испания финалга чиққанини айтди. Мен ҳеч қачон уйимдан бу қадар узоқда туриб, ўзимни уйдагидек ҳис қилмагандим. Ҳиссиётимни тасаввур қиляпсизми?!