Фақат КХДРда йўлланма учун ҳеч қандай имконият қолмади. Кейинги турларда Қирғизистон, Фаластин, Кувайт, Баҳрайн ва Хитой каби жамоалар плей-оффга ўтиш учун курашни давом эттиради – бу жамоаларда гуруҳ босқичи якунига икки тур қолганида назарий жиҳатдан имконият сақланиб қолмоқда.

А гуруҳи

Қирғизистон — Қатар — 3:1 (Кичин, 45+1. Мишченко, 82. Шукуров, 90+3 — Мендес, 52). Четлатиш: Мендес (Қатар), 55.
Эрон — Ўзбекистон — 2:2 (Торимий, 52, 83 — Эркинов, 16. Файзуллаев, 53).
КХДР — БАА — 1:2 (Ким Ю Сун, 43 — Лима, 5. Адил, 90+9).

Эрон аллақачон АҚШ, Мексика ва Канадада бўлиб ўтадиган турнир учун чипталарни буюртма қилишни бошлаши мумкин. Эронликлар Ўзбекистонга қарши ўйин якунланмасданоқ стадион атрофида мушакбозлик билан жаҳон чемпионати йўлланмасини нишонлашни бошлаб юборишди.

Ундан олдинроқ Қатар Қирғизистонда мағлубиятга учраб, мундиалга тўғридан тўғри йўлланмани қўлга киритишдан умидини узганди.

Теҳрондаги учрашувда эҳтимолий ғалаба ҳам Ўзбекистонга йўлланмани тақдим этолмасди, лекин икки очко йўқотилгач, вазиятини бироз қийинлаштирди.

Чунки куннинг охирги ўйинида БАА Саудия Арабистонидаги бетараф майдонда КХДРга қарши кечган ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда ғалаба голини уриб кетди ва гуруҳ жадвалида Ўзбекистон билан орадаги фарқни 4 очкогача қисқартирди.

Энди гуруҳдаги иккинчи йўлланма катта эҳтимол билан 5 июн куни БАА ва Ўзбекистоннинг ўзаро ўйинида ҳал бўлади. Агар Тимур Кападзе шогирдлари сафарда ғалаба қозонса ёки дуранг ўйнаса ҳам муддатидан олдин йўлланмани кафолатлайди.

Чунки бу сценарийда БАА охирги турдаги натижалардан қатъи назар учинчи ўриндан юқорига кўтарила олмайди: Агар Ўзбекистон ғалаба қозонса, ҳисобидаги очколар сони 20 тага етади, дуранг қайд этилса, очколар сони 18 та бўлади. Шунда сўнгги турда Ўзбекистоннинг Тошкентда Қатарга қарши ўйини расмиятчилик мақомини олади – БАА Қирғизистон майдонида уч очко олса ҳам, максимум 17 очко жамғаради.

Агар 5 июн кунги ўйинда Ўзбекистон БААга ютқазадиган бўлса, очколар нисбати 17 га 16 кўринишини олади, шунда Ўзбекистонни сўнгги турда Қатарга қарши ўйинда фақат ғалаба қониқтиради. Агар дуранг ўйналса, Ўзбекистонда 18 очко бўлади, амирликлар эса Бишкекда ғалаба қозониб, 19 очко билан иккинчи ўринга кўтарилиб олиши мумкин.