Жамият | 08:50 / 29.10.2024
5463
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда олтин қуймалари ва хитой тангаларини олиб чиқиб кетмоқчи бўлган шахс ушланди

Тошкент халқаро аэропортида божхона ходимлари томонидан 6 дона олтин қуймаси, қуйма тилла узук ва 7 дона хитой иероглифлари туширилган тангалар олиб ўтаётган шахс ушланди. 

Фото: Божхона қўмитаси

Тошкент халқаро аэропортида олтин қуймалари ва хитой тангаларини ноқонуний равишда олиб чиқиб кетмоқчи бўлган шахс аниқланди.

Фуқаронинг қўл сумкаси божхона ходимлари томонидан кўздан кечирилганда, унинг ичида божхона назоратига тақдим этилмаган, умумий оғирлиги 187 грамм бўлган 6 дона олтин қуймаси ҳамда 7 дона хитой иероглифлари туширилган тангалар косметика креми ичига яширилгани аниқланди.

Шундан сўнг ушбу фуқаро шахсий кўрикдан ўтказилганида, унинг ёнидан оғирлиги 20 грамм бўлган қуйма тилла узук ҳам борлиги аниқланди.

Ашёвий далил сифатида олинган ушбу буюмларнинг умумий қиймати 223 млн сўмни ташкил қилди. Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, резидент ва норезидент жисмоний шахсларга — қиймати 100 млн сўмгача бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан, 100 млн сўм ва ундан ортиқ бўлганларини йўловчи божхона декларацияси асосида Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади. Шунингдек, яратилганига эллик йилдан ошган маданий бойликларни республика ҳудудидан олиб чиқиш мумкин эмас.

Мавзуга оид