Жаҳон | 15:51 / 31.10.2024
4246
2 дақиқада ўқилади

Хитойда аёлларни фарзанд кўришга ундовчи қўнғироқлар қилинмоқда

Мамлакатда туғилиш кўрсаткичи рекорд даражада пасайган.

Фото: SOPA Images

Йиллар давомида туғилишни қаттиқ назорат қилиб келган Хитой ҳукумати энди аёлларни фарзанд кўришга ундай бошлади. Ҳукумат демографик инқирозни шу йўл билан ҳал қилмоқчи, деб хабар берди Radio France Internationale.

Махсус операторлар хитойлик аёлларга қўнғироқ қилиб: “Ҳомиладормисиз?” деб сўрашади. Агар аёл “йўқ” деб жавоб берса, ундан “бу ҳақда ўйлаб кўришни” илтимос қилади.

Гуанси вилоятида яшовчи 36 ёшли аёл туғилиш даражасини ошириш тобора кўпроқ талаб қилинаётганини айтди. Аёл унга ҳомиладор ёки йўқлиги ҳақида сўраб қўнғироқ қилган сўнгги операторга эътироз билдирган. У оператордан “моддий ёрдам бера оласанми ёки туғуруқ пайтида кўмаклашасанми” деб сўраган.

“Агар ёрдам бера олмасанг, бўлмағур гапларни бас қил”, — дея жаҳл қилган аёл.

Кетма-кет икки йил давомида Хитой аҳолисининг сони камайиб бормоқда. 2023 йилда туғилиш даражаси энг паст кўрсаткичга етди.

Аввалроқ Хитой хорижликларга мамлакатдаги болаларни фарзандликка бериш дастурини тўхтатган эди.

1990 йиллар бошидан бери Хитой ўн минглаб болаларни хорижга фарзандликка берган, уларнинг қарийб ярми АҚШга юборилган. Бу воқеалар “бир бола” сиёсати шароитида юз берди. 1979 йилдан 2015 йилгача амал қилган ушбу сиёсат туфайли кўплаб хитойлик оилалар ўз фарзандларидан, айниқса қизлардан ва ногиронлиги бўлган чақалоқлардан воз кечишга мажбур бўлган.

Мавзуга оид