Hetao Alpha икки асосий қисмдан ташкил топган. Шарқий қаноти 37 қаватли, ғарбий қаноти эса 44 қаватли. Уларни бирлаштириб турган марказий ўзак бинонинг асосий таянчи вазифасини бажаради. Пастки қисмида кўп мақсадли жамоат блоки жойлашган.
Қанотларнинг қия кўриниши марказий бетон ўзакнинг икки томонидан ташқарига чиқарилган консоль қисмлар ҳисобига ҳосил қилинган. Мажмуадаги офис хоналарининг умумий майдони 70 410 квадрат метрни ташкил этади.

Бинонинг барқарорлигини ошириш учун ҳар 12 қаватда йирик панжарасимон таянч конструкциялар — фермалар ўрнатилган. Улар техник хоналар ва эвакуация ҳудудларига ажратилган қаватларда жойлаштирилган. Бу ечим офис қаватларида очиқ ва эркин режалаштирилган майдонларни сақлаб қолиш имконини беради.
Фасад тўлиқ шиша билан қопланган. Офис қаватларининг очиқ режаси билан бирга бу ходимларга шаҳар манзарасини деярли тўсиқсиз томоша қилиш имконини яратади.

Қанотларнинг тўрт бурчагида икки қават баландлигидаги эгри шиша юзалар ишлатилган. Улар муайян панорамаларни яхшироқ кўриш учун мўлжалланган. Ғарб томондан Шэнчжэн қўлтиғининг сув-ботқоқ ҳудудлари, жанубдан эса Гонконгдаги Май По табиий ҳудуди кўринади.
Лифт шахталари бинонинг марказий қисмида, шимолий ва жанубий фасадлар бўйлаб жойлаштирилган. Улар ҳам тўлиқ шишаланган. Шу боис йўловчилар юқорига кўтарилиш ёки пастга тушиш вақтида атроф манзарасини кузатиши мумкин.

Бинода табиий шамоллатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Фасаддаги шиша қисмларга ҳаво кириши учун махсус тирқишлар қўшилган, қуёшдан ҳимоя қилувчи жалюзили панеллар ўрнатилган. Бу ечимлар хоналарда ҳаво айланишини таъминлаш ва энергия сарфини камайтиришга хизмат қилади.













