Хэбэй университети ва Хитой Фанлар академияси тадқиқотчилари эрта юра даврига оид ноёб топилмани тавсифлади. У динозаврларнинг юмшоқ, бироқ қисман минераллашган тухум қобиғига эга бўлганини кўрсатувчи энг қадимги далиллардан бири ҳисобланади. Тадқиқот натижалари Nature Communications журналида эълон қилинган.
Юмшоқ тухум қобиқлари динозаврлар эволюциясида муҳим ўрин тутган бўлиши мумкин. Бироқ бундай қобиқларнинг дастлабки тузилиши тошқотган қолдиқларда камдан-кам сақланади. Шу сабабли қадимги динозаврлар тухумининг қобиғи аслида қандай бўлганини аниқлаш палеонтологлар учун осон эмас.
Янги топилманинг аҳамияти шундаки, унда қобиқнинг фақат минерал қисми эмас, балки органик асоси ҳам сақланган. Бу олимларга унинг алоҳида қатламларини ва уларнинг бир-бирига нисбатан қандай жойлашганини ўрганиш имконини берди.
Топилмага Mutabilisoolithus dawaensis номи берилди. Тадқиқотчилар тухумлар завроподоморфларнинг дастлабки вакилларига тегишли бўлган, деб тахмин қилмоқда. Кейинчалик диплодок ва брахиозавр каби узун бўйинли улкан динозаврлар ҳам шу гуруҳга мансуб бўлган.
Қолдиқлар Юннан провинциясидаги Луфэн геологик формациясидан топилган. Улар аниқланган қатлам аввал луфенгозавр тухуми қобиқлари топилган қатламдан пастроқда жойлашган.

Намунанинг аниқ ёши ҳозирча белгиланмаган. Олимлар уни эрта юра даврининг синемюр босқичига, яъни тахминан 190–199 миллион йил аввалги даврга мансуб деб ҳисобламоқда.
Бир тош бўлагида иккита динозавр эмбрионининг қолдиқлари ҳамда уларнинг скелетлари орасида тухум қобиғининг икки бўлаги сақланиб қолган. Биринчи эмбриондан асосан бош суяги ва пастки жағ суяклари, иккинчисидан эса тана ҳамда оёқ суякларининг айрим қисмлари қолган.
Эмбрионларнинг тишлари шу ҳудудда яшаган юннанозавр тишларига ўхшаган. Бироқ бу ўхшашлик уларни айнан шу динозаврга мансуб деб ҳисоблаш учун ҳозирча етарли эмас. Тадқиқотчилар буни тахмин сифатида келтирган.
Топилманинг асосий хусусияти — қобиқда юмшоқ тузилиш билан қисман минераллашув бирга учрашидир. У юпқа оҳакли қатлам ва ундан қалинроқ органик мембрана, яъни пардадан иборат бўлган. Ҳозирги қушларнинг одатдаги қаттиқ тухум қобиғида эса, аксинча, қалинликнинг асосий қисмини минерал қатлам ташкил этади.











