Kun.uz “Геосиёсат” дастурида мавзуни сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Шуҳрат Расул билан жонли эфирда муҳокама қилди.

— Жо Байден ўз ваколат муддатининг сўнгги кунларида бундай қарор қабул қилишига нима сабаб бўлди?

Камолиддин Раббимов: Бу масаланинг сиёсий, геосиёсий ва ҳуқуқий жиҳатлари мавжуд. Яқинда АҚШда сайлов жараёнлари бўлиб ўтди ва Доналд Трамп ҳокимият тепасига келди, бироқ унинг айни пайтдаги ҳуқуқий мақоми – амалдаги президент эмас, балки сайланган президент. Келаси йилнинг 20 январ кунидан бошлаб Трамп тўлақонли президентлик ваколатига эга бўлади, унга қадар эса Байденнинг ваколатлари заррача камаймайди. Байден мавжуд вазиятдан фойдаланиб, Украинага охирги кенг кўламли ёрдамларни беришга ҳаракат қиляпти.

Агар Камала Ҳаррис сайловда ғолиб чиққанида, партиявий узвийлик давом этаётган бўларди, яъни Байден сайланган президент Ҳаррисни ноқулай вазиятга қўймаслик учун эҳтимол бу қарорни қабул қилмаган бўларди. Жо Байден ва Украина ўзаро боғлиқ, гарчи урушни Россия бошлаган бўлса-да, Украинага кўрсатиладиган ёрдам кўлами динамикасини унинг энг яқин иттифоқчиси АҚШ белгилаб беради. Айни пайтда Доналд Трамп ўз жамоасини шакллантиряпти ва эътибор бериб қаралса, жамоа аъзолари иккита асосий жиҳатга эга: биринчидан, уларнинг деярли барчаси Украинани ёмон кўради; иккинчидан, уларнинг аксарияти исроилпараст. Трамп тўплаётган жамоа аъзоларининг Украина борасидаги қарашлари аллақачон шаклланиб бўлган, улар бу мамлакатга шубҳа билан қарайди ва кўрсатилаётган ёрдам чекланиши тарафдори. Ҳатто Илон Маск ҳам доимий равишда Украинани танқид остига олиб келган, шунингдек, Байденнинг мазкур қароридан кейин, у Twitter'даги расмий саҳифасида либераллар урушни яхши кўриши ҳақида танқидий пост қолдирди.

Байден Россиянинг ички ҳудудларига ҳужум қилишга рухсат беришдан иккита мақсадни кўзлаган: биринчиси, Украинага имкон қадар каттароқ ёрдам бериш ва маълум бир тарихий натижаларга эришиш. Иккинчиси, Доналд Трампни ноқулай аҳволга қўйиб, уни жазолаш. АҚШда шундай анъана борки, амалдаги ҳукмрон партия сайловда мағлубиятга учраса, ўзидан кейинги ҳукумат учун катта муаммоларни юзага келтиришга ҳаракат қилади.

Шуҳрат Расул: АҚШда республикачилар ва демократлар ўртасида бир-бирига муаммоларни “мерос қолдириш” анъанаси борасида кўплаб тарихий мисоллар бор. Улардан бири айнан Трампнинг Байденга қолдирган меросидир, яъни у президентлик ваколатининг сўнгги даврида Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиб кетиш бўйича қарор қабул қилган ва шундай кейин Кобул аэропортидаги можаролар юз берган, Байден “Толибон”дан қарор ижросини таъминлаш учун қўшимча 20 кунлик муддат сўраган, аммо бу ҳам улар учун етарли бўлмаган, ҳатто АҚШ махсус кучларининг бир қисми қўшимча муддат тугаганидан кейин ҳам Афғонистон ҳудудида қолиб кетган эди.