АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида Россияга қарши кескин санкцияларни назарда тутувчи қонун лойиҳасининг кўриб чиқилиши кечикиши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги 3 сентябрь куни хабар берди.
Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсоннинг айтишича, ҳужжат нафақат демократлар, балки айрим республикачилар орасида ҳам саволлар туғдирмоқда.
«Биз барчамиз Россияга қарши санкцияларни қўллаб-қувватлаймиз, аммо формула тўғри бўлиши керак», деган Жонсон.
Қонун лойиҳаси аввалроқ АҚШ Сенатида тезкор равишда маъқулланган. Бироқ Вакиллар палатасида унинг айрим нормалари, хусусан, президент Доналд Трампнинг тарифлар жорий этиш бўйича ваколатларини кенгайтириш таклифи баҳсларга сабаб бўлмоқда.
100 фоизлик бож кимларга қўлланиши мумкин?
Қонун лойиҳаси президентга Россия нефти ва газини энг кўп сотиб олувчи бешта давлатга нисбатан 100 фоиз миқдорида бож жорий этиш имкониятини беришни назарда тутади.
Шунингдек, Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бераётган деб топилган яна бешта давлатга нисбатан ҳам шундай чора қўлланиши мумкин.
Потенциал нишонлар орасида, биринчи навбатда, Хитой, Ҳиндистон ва Туркия тилга олинмоқда.
Конгрессда бензин нархи ошишидан хавотир бор
Вакиллар палатасининг Ташқи ишлар қўмитаси раиси, республикачи Брайан Маст ҳозирда янги чораларнинг ёнилғи бозорига эҳтимолий таъсири ўрганилаётганини маълум қилди.
Унинг фикрича, Ҳиндистон ва Россия энергия ресурсларининг бошқа йирик харидорлари Россия хомашёсидан воз кечиб, муқобил етказиб берувчиларга ўтса, жаҳон бозорида талаб қайта тақсимланиши мумкин. Бу эса АҚШда бензин нархининг ошиши хавфини юзага келтиради.
Бу масала ноябрдаги Конгресс сайловлари арафасида айниқса муҳим ҳисобланмоқда.
Демократларда бошқа хавотир бор
Демократлар қонун лойиҳасининг бошқа жиҳатини танқид қилмоқда. Улар ҳужжат Трамп маъмуриятига тарифлардан жуда кенг миқёсда фойдаланиш учун қўшимча ҳуқуқий асос яратиб беришидан хавотирда.
Вакиллар палатаси Ташқи ишлар қўмитаси аъзоси Грегори Микснинг фикрича, президентга ҳозирда мавжуд бўлмаган қўшимча ваколатлар берилиши мумкин.















