Англия: «Арсенал»да яна йирик ҳисоб

«Вест Ҳэм» — «Арсенал» 2:5
Голлар: Ван-Биссака (38), Эмерсон (40) — Габриэл (10), Троссар (27), Эдегор (34, пеналти), Ҳавертц (36), Сака (45+5, пеналти).
«Вест Ҳэм» – Фабиански, Эмерсон (Цоуфал, 65), Килмен, Тодибо, Ван-Биссака, Пакета (Родригес, 78), Соучек, Саммервилл (Алварес, 46), Солер (Ирвинг, 78), Боуэн, Антонио (Ингз, 65).
«Арсенал» – Райя, Калафиори (Зинченко, 56), Габриэл (Кивёр, 46), Салиба, Тимбер, Райс, Жоржинио, Эдегор (Жезус, 74), Троссард (Нванери, 85), Ҳавертц, Сака (Стерлинг, 74).
Огоҳлантиришлар: Эмерсон (42), Сака (42), Саммервилл (45+1), Фабиански (45+3), Соучек (90+4).

Эдегор жароҳатидан тузалгач ва бир неча ўйинни ўтказиб юборган Сака ҳам олдинги формасига қайтгач — «Арсенал» ўйинини кузатиш яна эстетик завқ бера бошлади. «Вест Ҳэм» билан дерби эса ЕЧЛда «Спортинг»га қарши кечган ўйиннинг (5:1) ўзига хос давомига айланди. Биринчи бўлим ўрталарига келиб «болғачилар» дарвозаси тўрт марта ишғол этиб бўлинганди, барчаси «канонирлар» учун одатий гол билан бошланди. Сака корнердан тўп узатди — Габриэл Магалянс бош билан гол урди.

Иккинчи голли ҳужум — гурманларнинг иштаҳасини қўзғайдиган егулик мисоли бўлди. Эдегор юмшоқ пас билан тўпни ҳимоячилар ортига ташлаб беришидан — Сака бўш дарвоза қаршисида турган Троссарни голли пас билан таъминлашигача. Европа лигаларида бу мавсумда 10 та голли узатма амалга оширган илк футболчига айланган Сака учинчи голда ҳам асосий ишни бажарди, у жарима майдонига икки ҳимоячи орасидан ёриб кирди ва Лукас Пакетани фол ишлатишга мажбур қилди, шундан кейин Эдегорга мавсумдаги илк голини уриши учун имконият тақдим этди. Бундан икки дақиқа ўтиб Троссар майдон марказидан туриб Ҳаверцни яккама-якка вазиятга чиқариб юборди.

Кўпчилик феврал ойида бўлгани каби «Арсенал» яна ушбу рақибини сафарда 6:0 ҳисобида мағлуб этишини кута бошлади. Лекин мезбонлар уйғонишди ва икки дақиқа ичида жамоанинг икки латерали — Ван-Биссака ва Эмерсон иккита жавоб голини уришди. Фақат биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Фабиански тўпга чиқишда хатога йўл қўйиб, Магалянснинг бошига зарба бериб юборди ва белгиланган 11 метрлик жарима зарбасини бу сафар Сака аниқ ижро этиб, амалда «Вест Ҳэм»нинг камбэк учун умидларини кўмди. Иккинчи бўлимда мезбонлар қўполроқ ўйнай бошлади, Артета ўз етакчиларини майдондан олди ва мухлислар бошқа гол кўришмади. Лекин биринчи бўлимдаги голлар «канонирлар» АПЛ тарихида бир жамоа дарвозасига сафарда 60 гол урган илк жамоага айланиши учун етарли бўлди.