“Ўзбекистон темирйўллари” талабалар учун маҳаллий йўналишдаги поездлар чипталарига 50 фоизлик чегирма эълон қилган. Чипталар сотиладиган электрон платформада Тошкент–Урганч, Тошкент–Бухоро, Тошкент–Нукус йўналишларида 23–31 декабр саналаридаги барча чипталар аллақачон қолмагани кўринади. Бошқа йўналишларда эса саноқли чипталар қолган. Kun.uz мухбири ҳолатни ўрганиш ва талабалар фикрини эшитиш учун пойтахтдаги темирйўл кассаларидан бирида бўлди.
“Ўзбекистон темирйўллари” АЖ 10 декабр куни қишки таътил муносабати билан республикадаги олий таълим муассасалари талабалари учун маҳаллий йўналишдаги йўловчи поездлари чипталарига 50 фоизлик чегирма эълон қилди. Чегирмалар жорий йил 23 декабридан 2025 йилнинг 10 январигача амал қилиши қайд этилди. Kun.uz мухбири ўрганишлари 11 декабр ҳолатида темирйўл чипталари онлайн сотиладиган “eticket.railway.uz” платформасида Тошкент—Урганч, Тошкент—Бухоро, Тошкент—Нукус йўналишларида 23 декабрдан 31 декабрга қадар чипталар қолмаганини кўрсатди.
Kun.uz билан суҳбатда бўлган талабалар ҳам мазкур саналарда ушбу йўналишларга чипта қолмаганини таъкидлади. Талабаларнинг айримлари эса кетиш учун эмас, балки фақат қайтиш учун чегирмали чипта олишга улгурган холос.
“Онлайн кўрдик, чипта йўқлиги учун кассага келишга мажбур бўлдик”, — дейди талабалардан бири. Бошқа талаба эса чегирмали чипта ололмагани ортидан қўшимча вагонлар қўшилиш ёки қўшилмаслигини билиш учун темирйўл кассасига келганини айтди.
“Тошкент—Андижон йўналишида 25 декабрдан 31 декабргача чипталар қолмаган. Аммо Тошкент—Қўқон йўналишида бор экан”, — деди талаба йигитлардан бири.
“Ўзбекистон темирйўллари” АЖ чегирма эълон қилган вақтда талабалар агар чегирмали чипта харид қилмоқчи бўлса, темирйўл кассаларига паспорт билан келишини сўраганди. Kun.uz билан суҳбатлашган талабалар эса паспортдан ташқари ўқиш жойидан ва доимий рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги маълумотномалар ҳам сўралаётганини билдирди. Бошқаси эса талабалик гувоҳномаси етарли эканлигини қайд этди.






