1. Электрон тизимга кириш
Аввало, талаба my.gov.uz — Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинетига кириши керак.
Шундан сўнг «Оммабоп хизматлар» бўлимидан «Талабалар турар жойига жойлаштириш» хизмати танланади.
Аризани kontrakt.edu.uz тизими орқали ҳам онлайн тарзда топшириш мумкин.
2. Маълумотларни текшириш ва оферта шартларига розилик бериш
Тизимда талабага тегишли асосий шахсий маълумотлар автоматик равишда шаклланади.
Талаба уларнинг тўғрилигини текшириб чиқиши ва аризани давом эттириши лозим. Шу босқичда оммавий оферта шартларига розилик бериш талаб қилинади.
Розилик беришдан олдин оммавий оферта шартлари билан тўлиқ танишиб чиқиш тавсия этилади.
3. Қўшимча маълумотларни киритиш
Ариза бериш жараёнида талабанинг ЖШШИР, паспорт маълумотлари ва ўқиш жойи каби айрим маълумотлар тизимда автоматик шаклланади.
Бироқ доимий яшаш жойи ва турар жой билан боғлиқ қўшимча маълумотларни талабанинг ўзи киритиши талаб этилиши мумкин.
Барча маълумотларни хатосиз киритиш муҳим. Чунки нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумотлар аризани кўриб чиқиш жараёнига таъсир қилиши мумкин.
4. Имтиёз мавжуд бўлса, уни кўрсатиш
Талабалар турар жойига жойлаштиришда айрим тоифадаги талабаларга устуворлик берилади.
Агар талабанинг оиласида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган яна бир талаба бўлса, тегишли имтиёздан фойдаланиш учун унинг паспорт маълумотларини ҳам киритиш талаб этилади.
Шунингдек, ариза берувчи ёки унинг оиласи белгиланган ижтимоий тоифалардан бирига кирса, бу маълумотлар электрон тизимлар орқали автоматик аниқланиши ёки тасдиқловчи ҳужжатни юклаш талаб қилиниши мумкин.
Жумладан, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган оилалар фарзандлари, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ёки «Ёшлар дафтари»га киритилганлар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда чин етимлар учун тегишли имтиёзлар назарда тутилган.









