Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг 2026 йил 21 августдаги 356-сон буйруғи билан таълим ташкилотларини янги ўқув йилига тайёрлаш ҳамда Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб нишонлаш бўйича қатор вазифалар белгиланди.

Ҳужжатга мувофиқ, жорий йилнинг 20 августидан 30 сентябригача бўлган давр олий таълим ташкилотларида «Долзарб қирқ кунлик» деб белгиланди.

Унинг доирасида талабаларни янги ўқув йилига муносиб кутиб олиш, уларни турар жой билан таъминлаш ҳамда бу жараёнда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни тезкор бартараф этиш чоралари кўрилади.

Янги ўқув йили қачон бошланади?

2026-2027 ўқув йили 1-босқич талабалари учун 7 сентябрдан бошланади. 2- ва ундан юқори босқичларда таҳсил олаётган талабалар эса 14 сентябрдан ўқишни бошлайди.

Шу билан бирга, талабаликка тавсия этилган абитуриентларга тўлов-контракт маблағларини шартномада белгиланган миқдор ва муддатларда тўлагунга қадар фармойиш асосида ўқув машғулотларида қатнашишга рухсат берилади.

Биринчи босқич талабаларини янги муҳитга мослаштириш бўйича ҳам алоҳида тадбирлар белгиланган. Хусусан, уларни тантанали кутиб олиш, «Кредит таълими тизимига кириш» ҳафталиги ҳамда «Талабаликка бағишлов» тадбирларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Сентябр ойи давомида олий таълим ташкилотларида «Ягона ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратайлик!» шиори остида «Мустақиллик дарслари» ҳам ўтказилади.

Улар доирасида жадидлик ҳаракати намояндалари ва қатағон қурбонларига бағишланган машғулотлар, маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва уч авлод учрашувлари ташкил этилади. Шунингдек, викториналар, кўрик-танловлар ва спорт мусобақаларини ўтказиш белгиланган.

Бундан ташқари, олий таълим ташкилотларига ўқув бинолари ва талабалар турар жойларини янги ўқув йилига тайёрлаш, профессор-ўқитувчилар таркибини шакллантириш ҳамда зарур ўқув-услубий ҳужжатлар билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

ОТМ янги ўқув йили бошлангунига қадар таълим жараёнини самарали ташкил этиш бўйича зарур тайёргарлик ишларини ҳам амалга ошириши лозим.