Тошкент шаҳри Яккасарой тумани Юнус Ражабий кўчаси биринчи муюлишида усти қизил, учбурчак томли бир-бирига ўхшаш 2 қаватли уйлар кўринади. Улар 20-асрнинг ўрталарида ўзбек адиблари, санъаткорларига тегишли бўлган. Ҳозир уйларнинг аксарида адибларнинг оила аъзолари яшаса, айримлари сотиб юборилган. Яна бир нечтаси эса уй-музейига айлантирилган. Шу қатордаги 26-уйда ўзбек адабиётида ҳикоя жанрининг отаси сифатида эътироф этиладиган Абдулла Қаҳҳор ва рафиқаси Кибриё Қаҳҳорова 1958-1968 йилларда яшаган. Бу жой 1987 йилда Қаҳҳорова ташаббуси билан уй-музейига айлантирилган. «Кибриё Қаҳҳорова 1996 йилга қадар музейда илмий-ходим сифатида фаолият юритган. Беш мингдан зиёд буюмларни, нодир асарларни Кибриё опа шу қадар асраб-авайлаганки, кўрганингиздек, бугунги кунга келиб, экспонатлар унчалик даражада таъмирга муҳтож эмас », — дейди музей ходими Санобар Матлубова.

Абдулла Қаҳҳор уй музейи. Юнус Ражабий 26/1

Уй-музейига қараб турганда ўнг қўлда Абдулла Қаҳҳорнинг бюсти турибди. Ташқарига очиладиган жигаррангли ялтироқ эшикдан музейга кирилади. Бу эшик доим очиқ туради. Ундан кейинги панжарали эшик эса ичкаридан ёпилган. Ташриф буюрувчи келганидан кейин музей ходими эшикни очади. Уйга киришингиз билан эски буюмлар ҳиди димоғга урилади. Экспонатларни кўрмасдан ҳиднинг ўзиёқ ташриф буюрувчини ўтган асрга олиб боради.

Абдулла Қаҳҳор 1907 йил 17 сентябрда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида туғилган. Унинг отаси Абдуқаҳҳор темирчи бўлган. Оила тирикчилик учун бир жойда муқим яшай олмай, турли қишлоқларда яшашга мажбур бўлган. Абдулланинг болалиги Яйпан, Нурсуҳ, Кудаш, Бувайда, Толлиқ, Олқор, Юлғунзор, Оққўрғон каби Қўқон атрофидаги қишлоқларда ўтган.

Даҳлиздан ўнг қўлдаги биринчи хонада Абдулла Қаҳҳорнинг болалиги, ота-онаси ва Қўқон шаҳрини эслатувчи фотосуратлар жойланган. 20-асрда темирчилар фойдаланган «дам» деб номланган асбоб музей экспонатлари орасидан жой олган. «Бир кун дадам мени дўконга олиб кетди ва «дам»га солди. Мен ҳар куни дадамга ўхшаб саҳарда бориб, хуфтонда қайтмасам ҳам, кун ёришганда бориб, қоронғи тушмасдан қайтар эдим. Кун бўйи «дам»нинг арқонини тортаман, қўйвораман, тортаман, тортаман, қўйвораман