Ўзбекистон | 13:13 / 25.12.2024
1380
2 дақиқада ўқилади

Туманларда спортни ривожлантириш спорт мактаблари томонидан амалга оширилади

Президент томонидан «Ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш тўғрисида»ги қарор имзоланди.

Туман (шаҳар)ларда оммавий ва профессионал спортни ривожлантириш ҳамда спорт сиёсатини юритиш Спорт вазирлиги тизимидаги спорт мактаблари томонидан амалга оширилади.

2025-2026 ўқув йилидан бошлаб:

  • ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари, аҳолининг қизиқишлари, шунингдек, эришилган спорт натижалари ҳамда мавжуд спорт инфратузилмасидан келиб чиқиб, спорт мактабларини спорт турларига ихтисослаштириш амалиёти жорий этилади;
  • спорт мактабларида мавжуд штат бирликлари доирасида оммавий спорт бўйича тренер-селекционер лавозими жорий этилади, ҳар бир оммавий спорт бўйича тренер-селекционерга 5 тагача маҳалла ва унинг ҳудудидаги давлат таълим муассасалари бириктирилади;
  • оммавий спорт бўйича тренер-селекционер ўзига бириктирилган ҳудудда ёшлар етакчилари ҳамда жисмоний тарбия ўқитувчилари билан ҳамкорликда «Беш ташаббус олимпиадаси», «Жисмоний тайёргарлик даражаси» спорт синовлари ва бошқа оммавий спорт тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиб боришга масъул ҳисобланади;
  • спорт мактабларининг оммавий спортни ривожлантириш ва селекция бўйича директор ўринбосарлари ҳамда оммавий спорт бўйича тренер-селекционерлар базавий тариф ставкасига устамалар «Беш ташаббус олимпиадаси», «Жисмоний тайёргарлик даражаси» спорт синовларидаги натижалар ҳамда спорт мактабига селекция қилинган иқтидорли ёшлар сонидан келиб чиқиб белгиланади.

Спорт мактабларида Fасе ID тизими орқали тренерлар ва спорт билан шуғулланувчиларнинг кунлик давоматини электрон мониторинг қилиб борилади ҳамда тренерларнинг иш ҳақи миқдори ўқувчи-спортчилар давоматидан келиб чиқиб белгиланади.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид