Газ тақсимлаш пунктлари табиий газни истеъмолчига зарур босимда етказиб берадиган газ таъминоти тизимининг асосий бўғинларидан биридир. Айниқса, қиш мавсумида газ истеъмоли кескин ошганда ёки ёзда талаб камайганда тизимдаги босим ўзгариши табиий ҳолат ҳисобланади. Бундай вазиятларда газни барқарор етказиб бериш газ тақсимлаш пунктларининг узлуксиз ва аниқ ишлашига боғлиқ.
Шу пайтгача босимдаги ўзгаришларни меъёрга келтириш кўпинча масъул ходимларнинг жойига бориб, ускуналарни қўлда бошқариши орқали амалга ошириларди. Бу эса қўшимча вақт талаб қилиши, айрим ҳолларда узилишлар ёки хавфли вазиятлар юзага келиш эҳтимолини ошириши мумкин эди.
Эндиликда эса газ таъминоти тизимида янги босқич бошланмоқда. Сунъий интеллект ва автоматлаштирилган бошқарув асосида ишловчи SMART GTP тизимлари газ босими, ҳарорат ва оқим кўрсаткичларини реал вақт режимида кузатиб, эҳтимолий носозликларни олдиндан аниқлаш ҳамда зарур чораларни тезкор кўриш имконини яратмоқда.
Айни пайтда Тошкент шаҳрида эскирган газ тақсимлаш пунктларини замонавий SMART GTP ускуналарига алмаштириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Янги авлод газ тақсимлаш пунктлари газ босимидаги энг кичик ўзгаришларни ҳам узлуксиз кузатади. Зарурат туғилганда тизим босимни автоматик равишда меъёрлаштиради. Бу эса истеъмолчиларга газнинг бир маромда ва барқарор етказиб берилишига хизмат қилади.
SMART GTP тизимининг муҳим афзалликларидан бири бошқарувнинг рақамлаштирилганидир. Энди газ тақсимлаш пунктининг кириш ва чиқиш босими, газ сарфи ҳамда бошқа техник кўрсаткичларни масъул ходимлар мобил қурилмалар орқали реал вақт режимида кузатиши мумкин. Агар тизим меъёрдан четга чиқишни аниқласа, масъулларга дарҳол сигнал юборилади. Зарурат туғилганда эса айрим бошқарув жараёнлари масофадан туриб амалга оширилади.
Тизим фақат босимни назорат қилиш билан чекланмайди. У газ сарфидаги ноодатий ўзгаришларни ҳам қайд этади. Бу эса газ сизиб чиқиши, ноқонуний уланиш ёки газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини тезроқ аниқлаш ва уларнинг олдини олиш имконини беради.
Жараёнларнинг рақамлаштирилиши инсон омилини камайтиради. Барча техник ўзгаришлар тизимда қайд этилгани боис назорат ва мониторинг имкониятлари кенгаяди, газ тақсимоти эса янада шаффоф ва ишончли бошқарилади.
Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, Тошкент шаҳридаги газ тақсимлаш пунктлари тўлиқ SMART GTP тизимига ўтказилса, техник йўқотишларни қарийб икки фоизга камайтириш мумкин. Бу минглаб куб метр табиий газни тежаш ва тизим самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
17 июл куни ёқилғи-энергетика соҳасидаги мурожаатлар таҳлилига бағишланган йиғилишда ҳам табиий газ босими билан боғлиқ муаммоли ҳудудларда узлуксиз таъминотни яхшилаш, куз-қиш мавсумига қадар мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича вазифалар белгиланди. Газ тақсимлаш пунктларида SMART GTP каби ақлли бошқарув тизимларини босқичма-босқич жорий этиш ушбу вазифалар ижросига хизмат қилаётган ечимлардан бири сифатида кўрилмоқда.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ маълумотига кўра, замонавий ускуналарни ўрнатиш билан бир қаторда, улардан самарали фойдаланиш учун ходимларни ўқитиш ва малакасини ошириш ишлари ҳам давом эттирилмоқда.
Натижада газ таъминоти тизимини замонавий технологиялар асосида бошқариш имкониятлари кенгайиб, истеъмолчиларга табиий газни хавфсиз, барқарор ва узлуксиз етказиб бериш самарадорлиги оширилиши кўзда тутилмоқда.






