Бу президентнинг «Республикада халқаро таълим стандартлари асосида ўрта махсус, касбий ва олий таълим дастурларини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган.

Ҳужжатга кўра, мамлакатда интеграциялашган таълим дастурларини ривожлантириш мақсадида Буюк Британиянинг IQF (Integrated Qualifications Framework) таълим ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган Халқаро малакалар ва баҳолаш марказининг ваколатлари кенгайтирилади.

Марказга, жумладан, ишлаб чиқилган интеграциялашган дастурларни QS (Quacquarelli Symonds) ва Times Higher Education (THE) халқаро рейтингларининг топ-100 талигига кирувчи ҳамкор университетлар академик талаблари билан таққослаш ва мувофиқлаштириш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, мазкур олийгоҳлар томонидан тан олинадиган бакалавриат босқичидаги «1+3», «2+2», магистратурадаги «1+1» таълим моделларини ишлаб чиқиш ҳам назарда тутилган.

Қарор билан Ўзбекистонда етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг дипломларини беришга қаратилган тузилмаларни — кампуслар, филиаллар, франшизалар ва таълим дастурларини амалга ошириш марказларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришиш чоралари ҳам белгиланди.

Шунингдек, Буюк Британиянинг илғор тажрибаси асосида интеграциялашган таълим дастурларини кенг жорий қилиш мақсадида Тошкент архитектура-қурилиш университети ҳузурида Интеграциялашган дастурлар олий мактаби тажриба-синов тариқасида ташкил этилади.

Мазкур ташаббус Ўзбекистонда халқаро таълим дастурларини кенгайтириш, талабаларга нуфузли хорижий университетлар билан қўшма таълим олиш имкониятларини яратиш ҳамда мамлакат олий таълим тизимининг халқаро рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.