Россиянинг Владимир области Гус-Хрусталний шаҳрида эркак маҳаллий ҳарбий комиссарлик биносига машинада бориб урилиб, машинани ёқиб юборди, деб хабар берди 25 декабр, чоршанба куни кечқурун шаҳар мэри Алексей Соколов Telegramʼда. У воқеада Украина вакилларини айблади. «Украиналик фирибгарларнинг яна бир жабрдийдаси аввалига дарвозага келиб урилди, сўнг бинонинг асосий кириш эшигига тўқнашди, кейин у машинани ёқиб юборди», — дейилади маҳаллий раҳбар баёнотида.
Соколовнинг аниқлик киритишича, ёнғин ўчирилган, гумонланувчи қўлга олинган ва полицияга кўрсатма бермоқда. Шаҳар мэри аҳолини «барча қўнғироқ ва хабарларга эътиборли бўлишга» чақирди, «уларнинг мазмуни суҳбатдошнинг кўрсатмаларига биноан ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларни амалга оширишни талаб қилишдан иборат бўлиши мумкинлигини» билдирди ва бунинг учун «20 йилгача қамоқ жазоси кутаётганини» эслатди.
«Медиазона»: РФда уруш бошланганидан бери энг кўп ўт қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда
«Медиазона»нинг 24 декабр кунги ҳисоб-китобларига кўра, 13 декабрдан бери Россияда телефон фирибгарлари таъсирида камида 50 та ўт қўйиш ҳодисаси содир бўлган. Журналистларга кўра, бу Украинада уруш бошланганидан бери содир бўлган энг йирик ҳужумлар тўлқинидир.
Ҳужумларнинг аксарияти 20 ва 21 декабр кунлари содир этилган, дейилади ҳисоботда. Россия Федерацияси ҳудудидаги банклар, полиция машиналари, почта бўлимлари, МФЦ филиаллари ва бошқа объектларга ҳужум қилинди. Ушбу тўлқин пайтида ўт қўйиш учун ҳибсга олинган камида олти киши терроризмда айбланган. Журналистларнинг қайд этишича, улардан яна 11 нафари мулкка қасддан зарар етказганликда айбланмоқда.
Ҳужумларнинг асосий қисми Москва, Москва области, Санкт-Петербург ва Ленинград областида содир бўлган. У ерда 13 декабрдан бери жами ўттизта ҳужум уюштирилган.












