Президентлик сайловларида ғалаба қозонганидан кейинги икки ой ичида Доналд Трамп Канада, Дания ва Панамага ҳудудий даъволарини билдиришга улгурди. АҚШнинг сайланган президенти канадаликлар ўз мамлакати Американинг 51-штати бўлишини исташини айтди; Панама каналини қайтаришни ваъда қилди; шунингдек, АҚШ Даниянинг Гренландия оролига эгалик қилиши лозимлигини билдирди. Учинчи ҳолат бўйича Трамп аввалига оролни сотиб олиш ҳақида гапираётганди, кейин эса куч ишлатиш эҳтимолини ҳам истисно этмади.

АҚШ ўз таркибидаги ерлардан баъзиларини сотиб олган бўлса, баъзиларини куч билан босиб қолган.

АҚШ тарихида ҳудудларни сотиб олиш ҳам, ерларни куч билан эгаллаш ҳам, ўзини республика деб эълон қилган ҳудудларда референдум ўтказиш ҳолатлари ҳам бўлган. BBC уларни эсга олди.

Луизиана харид қилиниши

АҚШ мустақиллиги Ўн уч мустамлаканинг (ҳозирда булар шимоли-шарқдаги штатлар) Буюк Британияга қарши уруши билан бошланган. 30 йилдан камроқ вақт ичида АҚШ ҳудуди икки баравардан кўпроққа кенгаяди. 1795 йилда маҳаллий ҳинду қабилалари билан урушдан кейин Гринвилл келишуви тузилади, унга кўра АҚШ ҳозирги Оҳайо штатининг катта қисми устидан назорат ўрнатади. Миссисипи дарёси шарқидаги ҳудудлар ҳам аста-секинлик билан ўзлаштирилади. Аммо энг катта ҳудуд 1803 йилда қўлга киритилади — Луизиана сотиб олиниши билан.

Франциядан Луизиананинг сотиб олиниши АҚШга ўз ҳудудини икки баравар кўпайтириш имконини берди. Фото: Getty Images

1763 йилда Франция денгиз ортидаги фойда келтирмайдиган ҳудуди Луизианани Испанияга тортиқ қилганди — бу замонавий АҚШнинг Миссисипи дарёси ғарбида ястанган, шимолдан жанубгача чўзилган катта ҳудуди эди. Испания ҳам сақлаб туриш харажатлари қимматга тушадиган ҳудудидан фойдаланмайди ва 1800 йилда Луизианани французларга қайтариб беради. 1803 йилда ҳудуд узил-кесил Францияга қайтади, улар эса ерларни дарҳол АҚШга сотиб юборади.

Ўшанда ҳали император бўлмаган, республиканинг биринчи консули бўлган Наполеон Бонапарт — денгиз ортидаги катта ҳудудни сақлаб туриш имконсиз эканини англаган ва фойдали келишувга рози бўлган: зарар келтирадиган ҳудуд 15 млн долларга пулланган. Якунда президент Томас Жефферсон 2,1 млн километр квадрат ҳудудни сотиб олиш бўйича битимни имзолаган — бу Ўн уч мустамлаканинг барча ҳудудларидан каттароқ эди.