16 январ куни Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ҳукумат раҳбарига айланганидан буён илк марта Киевга келди.

«Тинчлик куч орқали», — дея ёзди Буюк Британия бош вазири Кир Стармер поездда Киевга келганидан кейин. Вокзалда уни Буюк Британиянинг Украинадаги элчиси Мартин Ҳаррис ҳамда Украинанинг Лондондаги элчиси Валерий Залужний кутиб олган.

Стармер Украина президенти Володимир Зеленский билан Даунинг-стритдагилар Украина билан «юз йиллик муҳим ҳамкорлик» деб атаган битимга имзо чеккан.

Ҳужжат Лондоннинг Киевга кўрсатиб келаётган ёрдамини расмийлаштиради, шунингдек, унда Буюк Британия ўз зиммасига оладиган янги мажбуриятлар кўрсатилган.

Стармер Россия билан уруш қурбонлари ёдгорлигига гулчамбар қўйган ва журналистларга Британия Украинани қўллаб-қувватлашдан «ҳеч қачон чекинмаслиги»ни билдирган.

Ушбу маросимдан тахминан бир соат ўтиб Украина пойтахтида портлаш овозлари эшитилган ва дронлар ҳужуми хавфи туфайли маълум вақт давомида ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи тревога янграб турган. «Пойтахт марказида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишламоқда. Хавфсиз жойларда бўлинг!» — дея ёзган телеграмда шаҳар мэри Виталий Кличко.

Келишув нималарни ўз ичига олади?

Украинанинг Буюк Британиядаги элчиси ва Украина қуролли кучлари собиқ бош қўмондони, Киевдаги темирйўл вокзалида Стармерни кутиб олган Валерий Залужний келишувда хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилганини айтган.

Британия ТИВ ўз сайтида ёзишича, келишув «денгиз хавфсизлиги соҳасида ҳарбий ҳамкорликни кучайтиради ва Болтиқбўйи, Қора ва Азов денгизларида хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда Россия агрессиясининг олдини олиш учун янги ишлаш принципларини белгилаб беради».