Ўзбекистон | 12:51 / 20.01.2025
893
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон давлат хизматларини яхшилашда БАА тажрибасидан фойдаланади

Саудия Арабистонининг Sahm News газетасида "Ўзбекистон ва БАА мустаҳкам ҳамкорлик кўприги қурмоқда" сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Мақолада Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида ўзаро ҳурмат, давлат бошқарувини модернизация қилиш ҳамда инновацияларни жорий этишга қаратилган ҳамкорлик ҳақида сўз юритилади.

Нашрга кўра, иккала давлат ҳам рақамли трансформация, шаффофлик ва ҳуқуқий ислоҳотларга эътибор қаратмоқда. БАА Ўзбекистон учун самарали бошқарув модели бўлиб, БААнинг ўзи Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкор сифатида кўриши таъкидланади.

Муаллиф савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда имзоланган битимлар ҳамкорликнинг муҳим қисми эканлиги ҳақида сўз юритади. Суд тизими ва ҳуқуқни қўллаш тизимини ислоҳ қилиш, шу жумладан электрон ҳужжат айланишини жорий этиш ва ҳуқуқий тартиб-таомилларни соддалаштириш бўйича биргаликда иш олиб бориш муҳим йўналишлардан бири эканлиги эътироф этилади. "Шунингдек, Тошкент шаҳрида халқаро тижорат судини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинмоқда", - дея қўшимча қилинади мақолада.

БАА тажрибасидан фойдаланган ҳолда, жумладан, рақамли технологияларни жорий этиш ва бюрократик тартиб-таомилларни соддалаштириш орқали Ўзбекистонда давлат хизматларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланади. Блокчейн ва сунъий интеллект каби янги технологияларни рақамлаштириш ва қўллаш ислоҳотларнинг асосий жиҳатларига айланиши ҳам алоҳида эътироф этилади.

"Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги шериклик муваффақиятли халқаро ҳамкорлик намунаси бўлиб, у ҳар икки томонга ҳам фойда келтиради ва барқарор ривожланиш ҳамда институционал ислоҳотларга ҳисса қўшади", – деб ёзади Sahm News.

 

Мавзуга оид