Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси маълумотига таяниб хабар берди.
Фуқароларни қайтариш Ўзбекистон ва БААдаги Интерпол миллий марказий бюролари ҳамда икки давлат ваколатли органларининг ҳамкорлигида амалга оширилган. Зарур тартиб-таомиллар бажарилгач, олти нафар шахс Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.
ИИВ маълумотига кўра, 2026 йил бошидан буён Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси ташаббуси билан БААдан жами 16 нафар қидирувдаги шахс қайтарилган.
Икки давлат бюролари ўртасидаги ахборот алмашинуви хорижда қидирилаётган шахсларнинг турган жойини аниқлаш ва уларни қайтариш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштиришга хизмат қилмоқда.
Хусусан, Интерпол Бош Ассамблеяси, миллий марказий бюролар раҳбарлари учрашувлари ва бошқа халқаро тадбирларда эришилган келишувлар ушбу ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам берган.
Расмий хабарда экстрадиция қилинган фуқароларнинг шахси ва улар айнан қайси жиноятларда гумонланаётгани очиқланмаган.
Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси хорижда қидирувдаги шахсларни аниқлаш ва уларни қонунчиликда белгиланган тартибда мамлакатга қайтариш ишларини давом эттирмоқда.








