Ўзбекистон | 16:47 / 20.01.2025
1156
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон элчиси Ўзбекистон ташқи ишлар вазирига ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди

Бахтиёр Саидов икки мамлакат ўртасидаги қардошлик ришталари ҳар соҳада жадал ривожланиб бораётганини таъкидлаб, элчининг фаолиятига омад тилади.

Фото: ТИВ

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Қирғизистоннинг янги тайинланган элчиси Дуйшонкул Чотоновдан ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилиб олди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналига ёзиб қолдирди.

«Шубҳасиз, мамлакатларимиз ўртасидаги қардошлик ришталари ҳар соҳада жадал ривожланиб бормоқда. Биз мисли кўрилмаган ютуқларга гувоҳ бўлмоқдамиз ва икки томонлама муносабатларнинг тўлиқ салоҳиятига эришиш учун янада катта марраларни режа қилмоқдамиз. Жаноб элчига мамлакатимиздаги фаолияти давомида омад тилаймиз», — деб ёзади ТИВ раҳбари.

Дуйшонкул Чотонов 1967 йилда Ўшда туғилган. У илгари Қирғизистоннинг Жанубий Корея (2011−2015) ва Ветнамдаги (ўриндошлик асосида, 2012−2015) фавқулодда ва мухтор элчиси бўлган.

У «Ата Мекен» партиясидан Жогорку Кенеш Қонунчилик ассамблеяси депутати бўлган. 2010 йилда муваққат ҳукуматда фавқулодда вазиятлар вазири вазифасини бажарган.

Ноябр ойида Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида 2022 йил апрелдан бери ишлаб келган Муса Жаманбаев мамлакатдаги дипломатик миссиясини якунлаётгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид