Қирғизистонда барча вилоят ва туманлар тугатилиб, уларнинг ўрнига аймоқлар — округлар ташкил этилади. Бу ҳақда Давлат хизмати ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ишлари бўйича давлат агентлиги директори Элчибек Жантаевга таяниб, Kaktus.media хабар берди.

Ҳозирги вақтда Қирғизистон еттита вилоятга бўлинган бўлиб, уларда 40 та туман ва 34 та шаҳар мавжуд.

«Тумандан катта, лекин вилоятдан кичик бўлган аймоқлар ташкил этилади. Қирғизистонда 40 та туман эмас, балки 20 дан ортиқ аймоқ бўлади. Ҳар бир вилоятнинг ўз салоҳияти бор. Масалан, Иссиқкўл вилоятини жануб ва шимолга ажратиш мумкин. Жалолобод ва Ўш вилоятларида кичик туманлар ҳамда ривожланиш салоҳиятига эга туманлар мавжуд. Улар шу тамойил асосида бирлаштирилади ва сўнгра аймоқларга бўлинади», — деди Жантаев.

Аймоқларга бўлиниш Қирғизистонда маъмурий-ҳудудий ислоҳотнинг иккинчи босқичига ўтишни англатади. Биринчи босқич 2023 йилда бошланган эди. Унинг доирасида айрим туманларнинг чегаралари ўзгартирилди, бир қатор аҳоли пунктлари эса шаҳарлар таркибига киритилди.

2026 йил апрель ойида мамлакат президенти Садир Жапаров ислоҳот ҳақида эълон қилар экан, янги тизимни бутун мамлакат бўйлаб жорий этишдан олдин уни синовдан ўтказиш ва маромига етказиш мақсадида дастлаб синов тариқасида тажриба аймоғини ташкил этиш режалаштирилаётганини маълум қилган эди.

«Бир, икки, уч йил давомида унинг қандай ишлашини кузатамиз: ўзини ўзи мустақил бошқара оладими, республика бюджети дотациясидан чиқа оладими ёки йўқми, шуни кўрамиз. Агар барчаси муваффақиятли ўтса, у ҳолда вилоят ва туманларни тугатиб, округлар тизимига ўтамиз», — деди президент.