Кеча бутун Ўзбекистон кутган ўйин бошланиб, уч дақиқаси ўтгач, устимизга муздек сув қуйилди. Илк дақиқадаёқ Ҳусановнинг муваффақиятсиз ҳаракати рақиб голига сабаб бўлгач, яна икки дақиқа ўтиб Палмерга ишлатилган қўполлик учун унга сариқ карточка кўрсатилди. Гўёки бундан бадтар бўлиши мумкин эмасдек, энди Гвардиола дарҳол футболчимизни алмаштириб юбориши ёки қизил карточка кўрсатилиши даҳшатли туш каби сценарийнинг давоми бўлиши кутилганди. Нималар бўлди ўзи?

Ўйиндан олдин

Кўпчилик ҳаммасини Абдуқодирнинг ҳаяжони билан боғлаётган бўлса-да, унинг бунчалик тез ўсиб борганига эътибор берсак, айнан шу жиҳатдан унда муаммо бўлмаслиги лозим. Буни кейинчалик Ҳусанов билан боғлиқ инсайдлардан ҳам билиб олдик, футболчида биз ўйлагандек кучли ҳаяжон бўлмаган, «Ланс» таркибидаги илк дебютида кечагидан қийинроқ бўлган экан. Ҳусановнинг атрофидагилар дастлабки дақиқалардаги хатолар кўпроқ футболчининг ўйин тонуси билан боғлиқ, деб ҳисоблашаётганини россиялик инсайдер Игор Рабинер ёзмоқда.

Ҳусанов сўнгги бор майдонда 22 декабр куни «ПСЖ»га қарши ўйнаган эди. Шундан кейин «Манчестер Сити» билан фаол музокаралар даври бошланди. Бир қатор трансфер режалари барбод бўлгани туфайли, молиявий ҳолатини яхшилаш учун «Ланс» кимнидир сотиши талаб этиларди. Шу туфайли, француз клуби имкон қадар Ҳусановни асрашга ҳаракат қилган ва кейинги ўйинларга туширмаган. Нафақат ўйинлар, маълум бўлишича, кутилмаган жароҳатнинг олдини олиш учун у ҳатто гуруҳ машғулотларидан ҳам четлатилган ва фақат индивидуал шуғулланиб юрган.

«Манчестер Сити»га ўтгач, жамоа «ПСЖ»га қарши муҳим ўйин арафасида эди. Табиийки, жамоа ичкарисида бор эътибор Ҳусанов ўйнай олмайдиган ўша ўйинга қаратилган. Ҳусановда шуғулланиш учун фақат бир ёки икки енгил машғулотлар бўлганини Пеп Гвардиола ҳам таъкидлаб ўтди. Энди тасаввур қилинг, қарийб бир ой нафақат расмий, машғулот ўйинларидан ҳам четда бўлган, янги жамоадошлари билан ҳали бирор марта бирга ўйнамаган ёш футболчи янги лигада, бунинг устига топ рақибга қарши тушиб, ҳаммаси жойида бўлиши жуда қийин масала эди. Тажрибали мураббий шундай вазиятда қандай қилиб ёш футболчини ўтга ташлади?

Пеп Гвардиола

«Челси» билан ўйин арафасида Гвардиола ихтиёрида фақат бир нафар тайёр марказий ҳимоячи бор эди – Мануэл Аканжи. Жон Стоунз бир ойлик жароҳатидан сўнг фақат Парижда 12 дақиқа тўп сурди. Ҳусанов ва Рейс эндигина жамоага келиб қўшилган. Рубен Диаш ва Аке жароҳатланган. Уокер кетди. Гвардиол марказда ўйнаши мумкин, аммо унда қанотда ҳеч ким қолмайди. Уч кун ўтиб «Манчестер Сити»ни «Брюгге»га қарши муҳим ўйин кутиб турганди – агар ўша ўйинда ғалаба қозонилмаса, жамоа Чемпионлар Лигасидан чиқиб кетади.