Оқ уй сайтида эълон қилинган меморандумга кўра, Доналд Трамп мудофаа вазири ва ички хавфсизлик вазирига Американинг Гуантанамо бўғозидаги базасида ўн минглаб мигрантларни жойлаштириш учун миграция маркази яратиш чораларини кўришга топшириқ берган. Президент «АҚШ ҳудудида ноқонуний бўлиб турган хорижликлар»ни сақлаш учун жойлар билан таъминлашни сўраган.

«Одамларнинг кўпчилиги бу ҳақда билмайди ҳам. Америка халқига таҳдид солувчи энг шафқатсиз нолегал жиноятчиларни назорат остида сақлаш учун Гуантанамода 30 000 жойимиз бор. Бу имкониятларимизни икки баравар оширади», — деган шу куниёқ Трамп.

Ҳужжатга кўра, бундай жойларни кенгайтириш «чегара орқали босқинни тўхтатиш, жиноятчи картелларни йўқ қилиш ва миллий суверенитетни тиклаш» учун зарурдир.

Мигрантлар учун Гуантанамо 

Американинг Куба кўрфазида жойлашган Гуантанамо портидаги базаси биринчи навбатда терроризмга қарши курашиш доирасида қўлга олинган шахслар сақланадиган ҳарбий қамоқхона сифатида машҳур. Бундай тоифадагилар қамоқхонада ҳеч қандай жиноий айбловларсиз номаълум муддатгача ушлаб турилиши мумкин.

Ҳуқуқ фаоллари бир неча бор Гуантанамода қийноқлар қўллангани ҳақида хабар беришган, президент Барак Обама ўз президентлиги даврида қамоқхонани ёпишни ваъда қилган, аммо бу амалга ошмаганди. Америка матбуоти хабарларига кўра, у ерда ҳозирга келиб атиги 15 маҳбус қолган.

BBC’нинг Марказий Америка бўйича мухбири Уилл Грант эслатишича, бу база ҳудудида ҳарбий қамоқхонадан ташқари алоҳида миграция маркази ҳам бор. Шу вақтгача бу марказда асосан АҚШ ҳудудига денгиз орқали ноқонуний киришга уринганида ушланган кишилар сақлаб келинган.

Бу АҚШда Гуантанамо кўрфазидаги базадан мигрантларни жойлаштиришда фойдаланиш имконияти илк бор муҳокама қилиниши эмас. 2024 йилда ОАВ Байден маъмурияти у ерда Ҳаитидан келаётган қочқинларни қабул қилиш маркази ташкил этиши мумкинлиги ҳақида ёзганди. Фото: AFP