Англия: 0:5 ортидан 7:0

«Ноттингҳем Форест» – «Брайтон» 7:0
Голлар: 1:0 – 12, автогол Данк, 2:0 – 25 Гиббс-Уайт, 3:0 – 32 Вуд, 4:0 – 64 Вуд, 5:0 – 69, пеналти Вуд, 6:0 – 89 Уилямс, 7:0 – 90+1 Силва.
«Ноттингҳем Форест» – Зелс, Мурилло (Боли, 72), Миленкович, Морато, Гиббс-Уайт (Силва, 72), Уилямс, Данило (Домингес, 65), Андерсон (Сангаре, 82), Айна, Вуд (Авонийи, 82), Эланга.
«Брайтон» – Вербрюгген, Лэмпти, Данк, ван Ҳекке, Велтман, Ҳиншелвуд (О`Райли, 46), Митома (Аденгра, 46), Жоао Педро (Гомес, 46), Рюттер, Минте, Уэлбек (Фергюсон, 73).
Огоҳлантиришлар: Мурилло (7), Уэлбек (11), Ҳиншелвуд (20), Ҳюрцелер (58), Вербрюгген (90).

Ўтган турда «Ноттингҳем» билан бу мавсум учун аномал воқеа рўй берганди. Ҳа, «Борнмут» ҳам кучли мавсум ўтказмоқда, фақат 0:5 — керагидан ортиқча эди. Аммо Нуну Эшпириту Санту бир ҳафта ичида «ўрмончилар»ни ўзига келтирди ва «Брайтон» билан ўйинни улар ўз услубида ҳисобни очиш билан бошлади. Аниқроғи, бунда Данкнинг АПЛдаги еттинчи автоголи қўл келди. Кўп ўтмай биринчи голда ҳам асосий ишни бажарган кичик бўйли Гиббс-Уайт (171 сантиметр) бурчакдан оширилган тўпни боши билан дарвозага йўллаб, мезбонларнинг ҳисобдаги устунлигини оширди.

«Брайтон» эса ниманидир ўзгартиришга уринди, аммо ҳеч қанақасига Зелсни доғда қолдира олмади. «Ноттингҳем» эса қарши ҳужумлардан фойдаланиб кетди ва Эланга шу куни уч голга ассистентлик қилди, унинг икки пасини Вуд голга айлантирди. Мезбонлар тўпурари пеналтини ҳам аниқ ижро этиб, гол бўйича ҳет-трик қилди. Ва бу тарихий воқеага айланди, чунки «Сити Граунд» юқори дивизионда 1987 йилдан буён ўз футболчилари ҳет-тригига гувоҳ бўлмаганди. Энди австралиялик ҳужумчи голлари сонини 17 тага етказди ва Салоҳ (21) ҳамда Ҳоланд (18) билан рақобатлашмоқда.

Қолаверса, ҳозирга қадар АПЛ тарихида фақат бир марта олдинги ўйинда 5+ гол  ўтказган жамоа кейинги ўйинда шундай фарқ билан ғалаба қозониши кузатилганди. 1997 йил ноябрида «Шеффилд Уэнсдей» «МЮ»га ютқазган (1:6), кейин эса «Болтон»ни мағлуб этганди (5:0).

«Форест» энди тўпланган очколар сони бўйича «Арсенал»га етиб олди. Кейинги турларда жамоани қийин синовлар кутмоқда: сафарда «Фулҳэм» ва «Нюкасл», уйда «Арсенал» ва «Сити»га қарши ўйинлар.