Ҳарбий ёрдамни тўхтатиш тўғрисидаги қарорни қабул қилишдан олдин Оқ уйнинг Овал кабинетида давлат раҳбарларининг драматик учрашуви бўлиб ўтганди, у кескин тортишувлар, фойдали қазилмалар бўйича келишув барбод бўлиши ва Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Вашингтонни шошилинч тарзда тарк этиши билан якунланганди.

Гап айнан қандай қуроллар ҳақида кетаётгани ва уларнинг ўрнини босиш имконияти бор-йўқлиги ҳақида олдинроқ ёзилганди. Аммо Украина ва унинг Европадаги иттифоқчиларининг муаммоси фақат бунда эмас.

АҚШ томонидан ҳарбий ёрдам тўхтатилиши Украина қуролли кучларининг жанговар қобилиятига ва яқин келажакда фронтдаги вазиятга қандай таъсир қилиши мумкин?

BBC рус хизмати шарҳловчиси Иля Абишев навбатдаги материалида шу ва бошқа муҳим саволларга жавоб излади.

АҚШ ёрдами тўхтатилиши яқин истиқболда Украина армиясининг жанговар қобилияти учун нимани англатади?

Ҳарбий машина — мустаҳкамлик ва ресурсларнинг катта захирасига эга бўлган мураккаб механизмдир. Олдинги чизиқда жанг қилаётган бўлинмаларга яқин ҳафталар ёки ҳатто ойлар ичида ҳам Америка таъминоти тўхтатилгани сезилмаслиги мумкин.

Янги қурол-яроғлар етказилмаслиги муаммолари аста-секин тўпланиб боради ва биринчи навбатда келгусидаги амалиётларни режалаштиришда акс этади.

Ва бундай амалиётлар бир неча ой олдиндан режалаштирилади ва доимо мудофаага устуворлик берилади.

Украина 2023 йил кузидан 2024 йил баҳоригача ҳам АҚШ Конгресси Байден маъмурияти билан молиялаштириш бўйича келиша олмаганида, АҚШ ҳарбий таъминоти тўхтатилиши муаммосига дуч келган эди.

Айнан шу даврда Украина қуролли кучлари фронтнинг деярли барча участкаларида стратегик ташаббусни Россия армиясига топширди ва асосий эътиборни мудофаага қаратди. Шу билан бирга, барча мудофаа операциялари ҳам муваффақиятли бўлмади — аввал Авдийивкадаги асосий истеҳком, кейин яна бир неча муҳим позициялар бой берилди, рус армияси Харкив областига бостириб кирди.

АҚШ ҳарбий таъминоти тикланиши билан Украина қуролли кучлари Харкив йўналишидаги вазиятни барқарорлаштирди ва Курск областида (дарҳол эмас) ҳужум амалиёти бошлади.

Аммо ҳарбий можаро энди бошланган 2014-2015 йиллардан буён Донецк областида Украина қуролли кучлари ушлаб турган ва катта ресурслар сарфланган муҳим позициялар бой берилиши оқибатлари вазиятга ҳамон таъсир кўрсатмоқда.