Украина ва АҚШ ўртасидаги музокаралардаги муваффақият уруш тугашига умид уйғотди. Россия томони сукут сақлашига қарамай, Киев рози бўлган сулҳ истиқболи ҳозирда имконсиз кўринмаяпти. Аммо ўт очишни тўхтатишга эришиш ҳам – осон вазифа эмас, мустаҳкамроқ тинчлик сулҳи йўлидаги тўсиқлар эса янада кўпроқдир. BBC бунинг сабабини тушунтиради.

Сулҳ тузиш Украина учун фойдалими?

Бир томондан, ҳа: Володимир Зеленскийнинг Доналд Трамп билан ҳалокатли учрашувидан бир ярим ҳафта ўтгач, Киев Вашингтон билан конструктив мулоқотни тиклашга муваффақ бўлди дейиш мумкин. Украина ҳарбий ҳаракатларни 30 кун муддатга тўхтатишга розилик бергач, АҚШ ҳарбий таъминот ва разведка маълумотлари алмашинувини қайта тиклади.

Киевдагилар бу келишувлардан мамнун, чунки бу Украина урушни тўхтатишни истамаётгани ҳақидаги нарративни бузишга имкон берди – Кремлдагилар мунтазам равишда шу ҳақда гапириб келаётган, сўнгги ҳафталарда Оқ уйда ҳам гапира бошлашганди.

Аммо бошқа томондан, бутун фронт чизиғи бўйлаб ўт очишни тўхтатишга розилик – урушнинг дастлабки икки йилида Киев амал қилган, Россия Украинанинг халқаро миқёсда тан олинган ҳудудларидан қўшинларини олиб чиқмагунча сулҳ тузилмаслиги тўғрисидаги принциплардан кескин ортга қайтишдир.

Бундай позицияни қўллаб-қувватловчи асосий аргумент шундан иборат эдики, ҳарбий ҳаракатлардаги ҳар қандай тўхталиш Москвага янги ҳужумлар учун куч тўплаш имконини беради. Айнан шунинг учун Украина делегацияси Жиддага фақат «ҳавода ва денгизда сулҳ тузиш» таклифи билан келганди.

Жиддадаги музокараларда хавфсизлик кафолатлари масаласи (яъни Россия паузадан фойдаланмаслиги ва янги куч билан ҳужум қилмаслиги учун қандайдир ҳимоя) очиқ қолди.

Аммо АҚШ раҳбарияти ўт очишни тўхтатгандан кейингина кафолатлар ҳақида гапириш мумкинлигини таъкидлагани учун Киев ён беришга мажбур бўлди.

Жиддадаги музокаралар Киевга Вашингтон билан муносабатлардаги кескинликни юмшатишга ёрдам берди, АҚШ бир неча ҳафта ичида илк марта Россиядан тинчликка эришиш учун аниқ ҳаракатларни талаб қилди. Аммо бу муваффақият Киевни Украина ҳукумати эҳтимолий келишув асоси деб ҳисоблаган хавфсизлик кафолатларини олишга яқинлаштирмади. Фото: Salah Malkawi/Getty Images

Володимир Зеленский очиқчасига айтди: у Владимир Путиннинг урушни тугатишни исташига ишонмайди.