Европа Иттифоқи ва ҳамкорлар Сурия ва унинг қўшниларига 5,8 млрд евро ажратади
Суриядаги фуқаролар уруши оқибатларини юмшатиш ва қўшни давлатларга ёрдам бериш учун Европа Иттифоқи ва унинг ҳамкорлари яна 5,8 миллиард евро юбормоқда, дея маълум қилди Брюссел.

Фото: Nicolas Tucat/AFP
Европа Иттифоқи ва унинг ҳамкорлари Суриядаги фуқаролар уруши оқибатларини юмшатиш ва қўшни давлатларга ёрдам бериш учун яна 5,8 миллиард евро ажратмоқда. Бу ҳақда 17 март, душанба куни Брюсселда бўлиб ўтган донор мамлакатлар конференцияси якунлари бўйича Европа комиссари Дубравка Шуица маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 5,8 миллиард евродан 4,2 миллиард евро грант, 1,6 миллиард евро кредит кўринишида ўтказилади.
«Европа Иттифоқи ва унинг ҳамкорлари ҳозиргина Сурия ва унинг қўшнилари учун 5,8 миллиард евро ажратишга ваъда беришди. Бу Сурияни муҳим ўтиш даврида қўллаб-қувватлайди ва жиддий эҳтиёжларни жойида ҳал қилади», деб ёзди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас X ижтимоий тармоғида.
SOHR: Минглаб алавийлар зўравонликлар туфайли Хмеймим базасига қочиб кирди
Сурия ғарбидаги зўравонликлар тўлқини фонида минглаб тинч алавийлар Россиянинг Хмеймимдаги авиабазасидан бошпана топди. Бу ҳақда 12 март куни қароргоҳи Буюк Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари кенгаши (SOHR)га таяниб, AFP агентлиги хабар берди.
«Минглаб алавийлар Жабле шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқлардаги қирғиндан қочиб, Хмеймим ҳарбий базаси ва унинг атрофидан бошпана топди», — дея кузатувчилар сўзларидан иқтибос келтиради агентлик. SOHR маълумотларига кўра, 6 мартдан бери Суриянинг янги ҳукумати Латакия, Тартус, Хама ва Ҳомс вилоятларида Суриянинг ҳокимиятдан ағдарилган президенти Башар Асад тарафдорлари деб ҳисоблаганларга қарши йирик қарши операция бошлаганидан то 12 мартга қадар 1383 нафар тинч аҳоли, асосан алавийлар ҳалок бўлган.
AFP агентлигининг SOHR'га таяниб хабар беришича, 7 мартдан бошлаб зўравонликлардан қочган одамлар Россиянинг Хмеймимдаги авиабазасидан бошпана излай бошлаган. Баъзи қочқинлар тоғларда паноҳ топишга ҳаракат қилишган.
11 март куни The New York Times сунъий йўлдошдан олинган суратларни ўрганиб чиқиб, тинч аҳоли Россиянинг Хмеймимдаги авиабазаси ва Латакия халқаро аэропорти ҳудудида қолаётганини тасдиқлади.
12 март куни AFP агентлигининг хабар беришича, Жабле шаҳри мэри Амжад Султон Россия ҳарбий базасига ташриф буюриб, у ерда қолаётган одамларни ўз уйларига қайтишга кўндирган. Султоннинг сўзларига кўра, Сурия хавфсизлик кучлари шаҳар устидан назорат ўрнатишга киришган.
AFP мухбири хабар беришича, Хмеймим авиабазасига келганларнинг баъзилари: «Россия, Россия!» дея ҳайқирган ва ўзларига халқаро ҳимоя берилишини талаб қилган.
Мавзуга оид

17:06 / 18.03.2025
Шавкат Мирзиёев Европа Иттифоқи комиссари Йозеф Сикела билан учрашди

08:30 / 18.03.2025
Буюк Британия ва Европа Иттифоқи Россияга босимни кучайтирмоқчи

15:26 / 17.03.2025
Прага Европа Иттифоқида "Озодлик радиоси"нинг келажагини муҳокама қилмоқчи

19:47 / 16.03.2025