Фарғона вилоятида катта тезликда ҳаракатланган BMW русумли автомашина бошқарувни йўқотиб, ҳайдовчи ҳалок бўлди.

Вилоят ЙҲХБ ахборот хизмати раҳбари Элбек Қобилов Kun.uz’га маълум қилишича, ҳолат 12 октябр куни Фурқат туманида содир бўлган.

Соатига 100 километрдан ортиқ тезликда ҳаракатланган автомобил ҳайдовчиси кескин бурилишда бошқарувни йўқотиб, дастлаб огоҳлантириш устуни билан тўқнашган, сўнгра симёғоч ва дарахтга урилган.

Ҳодиса оқибатида BMW рулида бўлган 28 ёшли ҳайдовчи ҳалок бўлган.

Машинада бўлган йўловчининг сўзларига кўра, биринчи тўсиққа урилиш вақтида у олд ойна орқали ташқарига отилиб чиқиб кетган.

«Кўзимни очиб, ўрнимдан туриб қарасам, ҳамма жой чанг эди. Ҳайдовчининг ёнига бордим, ҳамма жойи бутунга ўхшаб кўринди, пулсини текшириб кўрдим, лекин пулс йўқ эди. Тезликнинг охири ўлим. Кўзингизни очиб-юмасиз, бўлди», – дейди ЙТҲдан омон қолган йўловчи.

ЙҲХБ хабарида қайд этилишича, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ушбу ҳайдовчи аввал ҳам орган ходимлари томонидан автомобил бошқармаслик ҳақида огоҳлантирилган. Шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун унга нисбатан қонуний чора кўрилган. Шунга қарамай, у яна автомобил бошқарган.